Эрдўған “бутун дунёни ташвишга соладиган” баёнот беришини маълум қилди
Олам
−
20 Май 2021
22230Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған жорий йилнинг 20 июль куни Шимолий Кипр Турк Республикасига ташриф буюради. Ташрифи давомида у бутун дунёга мурожаат қилмоқчи.
Эрдўған “нафақат оролни, балки бутун дунёни ташвишга соладиган” хабарни бериш учун Шимолий Кипр Турк Республикасига ташриф буюришини таъкидлаган. Туркия Президенти унинг нутқи айнан нимага бағишланишига аниқлик киритмаган.
“20 июль куни Шимолий Кипр Турк Республикасига ташриф буюраман.Ташрифим давомида мен нафақат оролни, балки бутун дунёни ташвишга соладиган хабарни айтаман. Агар сиз қатъиятлиликни намоён қилмасангиз, унда ҳеч ким сизни жиддий қабул қилмайди”, деган Эрдўған.
20 июль куни Шимолий Кипр Турк Республикасида 1974 йилда Кипрга турк қўшинлари киритилганининг 47 йиллиги нишонланади. Агар оролнинг жанубида 20 июль миллий мотам куни бўлса, Кипрнинг шимолидаги туркларда бу кунда "Тинчлик ва озодлик куни" деб номланган асосий миллий байрам нишонланади. Шу куни анъанавий ҳарбий парад ҳам бўлиб ўтади, унда Туркиянинг энг юқори раҳбарияти вакиллари иштирок этади.
Маълумот ўрнида, 1974 йилда Туркия қўшинлари киритилганидан кейин Кипр этник йўналиш бўйича бўлинган. Жанговар ҳаракатлар натижасида 1983 йилда Шимолий Кипр Турк Республикаси ташкил топган, у дунё ҳамжамиятида фақат Анқара томонидан эътироф этилган. Оролнинг жанубий қисми эса асосан Кипр юнонлари яшаган Кипр Республикаси назорати остида қолган.
LiveБарчаси