Энг оғир кунлар келади, ҳаммамиз тайёр бўлишимиз керак – Президент

Жамият 31266

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 26 март куни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураршишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди. 

Ушбу йиғилишда давлат раҳбари хориждан келаётганларга кўрсатилаётган ёрдамга қарамай, улар карантин даврида кўчага чиқиб кетаётганини қайд этди. 

“Четда юрганларимиз кўп, лекин кўплари шу олиб келаётганимизнинг қадрига ҳам етмаяпти. Биз ҳар куни изланишдамиз. Энг оғир кунлар келади олдимизга. Мана шунга биз ҳаммамиз тайёр бўлишимиз керак. Тайёр бўлолсак, эртага шундан ўтиб кетамиз. Олийжаноб халқимиз бор. Таъзим қилсак арзийди халқимизга. Лекин салгина ичида бор одамларни биз жой-жойига қўйишимиз керак. Бундан ўтиб кетамиз Худо хоҳласа. Ўтамиз. Лекин сабр-тоқат, меҳнат билан ўта оламиз. Меҳнат қилишимиз керак. Ақл билан меҳнат қилиш керак. Маска кийдик, кўчада юрдик билан бўлмайди. Одамлар уйда ўтирсин. Чиқартирманглар. Нимага келдинг, нимага кетдинг деган сўроқни қилсак, жуда енгиллик билан ўтиб кетишимиз мумкин. 

Кечқурун одамлар нимага гавжум, нимага уйида эмас? Миллатимизни сақлашимиз керак. Бизнинг буюк тарихимиз, маданиятимиз бор. Дунё ҳамжамиятининг олдида ўша маданиятимизни кўрсатишимиз керак. Қандай оғир бўлмасин мана шунга эътибор беринглар. Нуронийларимизни асрайлик, оқсоқолларимиз, оналаримизни авайлайлик. Улар дуо-фотиҳа қилиб уйда ўтирсинлар. Ўзимизда йўқ инфекция, ташқаридан келди бизга. Мана шу масалаларга алоҳида эътибор беринглар. Бефарқ бўлманглар, юракларингдан ҳис қилиб мана шундай оғир вазиятда жипслашишимиз, бирлашишимиз яхши муомалада бўлиб, одамларимизни онгли равишда ишонтириб мана шу балодан қутилиб олишимиз керак”, дейди давлат раҳбари. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда мамлакатда 65 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 900
Рейтинг: 2.9
t
×