Энергия тежамкор материаллардан фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш зарур – Экопартия

Жамият

image

Давлат муассасалари объектлари, кўп квартирали уйлар ва майдони 1000 м2 дан ортиқ бўлган объектлар учун энергия тежовчи технологияларни ўрнатишни мажбурий этиб белгилаш.

Аҳолининг ўсиши, даромадларнинг ортиши, урбанизация жараёнининг тезлашиши ва истеъмол таркибининг ўзгариши ҳисобига 2030 йилга келиб, бино-иншоотлар соҳасида энергияга бўлган талаб 2,5 баробарга ошиши кутилмоқда.

Бундай шароитда энергия манбаларига бўлган талаб ва таклиф ўртасидаги тафовутнинг олдини олиш, тураржой, тижорат ва маъмурий биноларнинг энергияга бўлган талабини кафолатли таъминлаш учун ушбу соҳаларда энергия самарадорлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурияти пайдо бўлмоқда. Шу боис бутун дунё мамлакатларида биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш масалалари долзарб ҳисобланади. Бунинг учун энергияга тежамкор лойиҳалар ва техник ечимларни амалга ошириш учун объектларда асосан базальт, минерал плита, пеноплекс, гидроизол, пеноблок, газобетон каби материаллар қўлланилиши назоратини кучайтириш лозим бўлади.

Бу борада жорий йилги сайловларда Ўзбекистон экологик партияси томонидан илгари сурилаётган давлат муассасалари объектлари, кўп квартирали уйлар ва майдони 1000 м2 дан ортиқ бўлган объектлар учун энергия тежовчи технологияларни ўрнатишни мажбурий этиб белгилаш масаласи долзарб аҳамият касб этади.

Мазкур вазифаларни амалга ошириш учун аҳоли хонадонлари, кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа ва бошқа объектларда энергияни тежаш бўйича услубий йўриқнома ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Аҳоли учун мўлжалланган йўриқномани оддий ва тушунарли қилиб, расмлар ва йўл-йўриқлар билан халқона усулда тайёрлаш ва кенг жамоатчилик фойдаланиши учун Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги веб-сайтига ва ижтимоий тармоқларга жойлаштириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Бинолар иссиқхона газлари эмиссиясининг асосий манбаларидан бири бўлиб ҳисобланади. Бинолардаги иссиқхона газлари эмиссияси энергия истеъмоли билан боғлиқ, яъни, электр энергиясини, иссиқликни истеъмол қилиш ва бирламчи энергиядан бевосита фойдаланиш (масалан, овқат тайёрлаш, индивидуал иситиш ва бошқалар) мумкин.

Бинолар табиий газнинг 60 фоизини, кўмирнинг 56 %, ва электр энергиясининг 34%, иссиқлик энергиясининг 67 фоизини истеъмол қилади. Умуман олганда, бинолар якуний энергия истеъмолининг 50 фоизини ташкил қилади. Биноларда энергия, асосан, хоналарни иситишга сарф бўлади. Ижтимоий биноларни иситиш энергия истеъмолининг қарийб 70 фоизини, тураржой секторида эса якуний энергия истеъмолининг қарийб 65 фоизини ташкил этади.

Мамлакатлар бўйича энергия сарфи кўрсаткичларининг қиёсий таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда бир йилда 1 квадрат метрга сарфланадиган энергия миқдори 390 кВт соатни, Европада эса ўртача 120-150 кВт соатни ташкил этмоқда (Ўзбекистонга нисбатан 240-270 кВт соатгача кам ёки 38 фоизга тенг).

Шу жиҳатдан олиб қараганда Ўзбекистон экологик партияси ташаббуси ҳар жиҳатдан долзарб ва Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида биноларнинг энергия самарадорлигини оширишга хизмат қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Энергия Экопартия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made