Энергетика вазирлиги Ангрендаги портлаш бўйича маълумот берди
Жамият
−
20 Январь 2021
9212Аввалроқ, Янги-Ангрен иссиқлик электр станциясининг профилактика чораларини кўриш учун тўхтатилган 5-энергия блокида чанг-кўмирли ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида портлаш содир бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
Энергетика вазирлиги портлаш юзасидан расмий маълумот берди ва вафот этганлар ҳамда жароҳат олганларнинг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилишини билдирди.
Вазирликнинг маълум қилишича, кеча, 19 январь куни Янги-Ангрен иссиқлик электр станциясининг 5-сон энергоблоки қозон агрегатидаги нуқсон туфайли таъмирга чиқарилган. Бугун электр станция 560 МВт қувват билан ишлаган. 4 та энергоблок ишда, битта энергоблок заҳирада бўлган.
20 январь куни “Востокэнерготеплоизоляция” АЖ ва “Энергоқозонтозалаш” МЧЖнинг таъмирлаш ишаларини бажарадиган пудрат ташкилотлари ишни хавфсиз бажариш учун йўриқнома ўтказилиб ишга қўйилган.
Энергоблок қозон агрегатида таъмир ишларини бажариш вақтида кўмир-кукуни ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган. Натижада “Востокэнерготеплоизоляция” АЖнинг 3 нафар ходими олинган жароҳатлар натижасида вафот этган, “Энергоқозонтозалаш” МЧЖнинг 3 нафар ходими турли даражадаги куйиш жароҳатлари олишган. Айни пайтда улар шифохонада шифокорлар назорати остида, уларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Энергетика вазирлиги раҳбарияти, Фавқулотда вазиятлар вазирлиги ва бошқа тегишли идора вакиллари Янги-Ангрен иссиқлик электр станциясига зудлик билан етиб боришган.
Ҳозирда тегишли тергов орган ходимлари томонидан ходисанинг асосий сабаблари ўрганилмоқда. Ходиса сабаблари тўғрисида расмий маълумотлар батафсил берилади.
Пудрат ташкилотлари ва касаба уюшма қўмиталари раҳбарияти томонидан вафот этганлар ҳамда жароҳат олганларнинг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда архив характеридаги видеолар тарқатилган бўлиб, бу бугунги воқеаларга алоқадор эмас.
Эслатиб ўтамиз, ҳодиса юзасидан Ангрен шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси