Энди ўзбекистонликлар Хитойга визасиз бориши мумкин
Жамият
−
13 Май
6656Жорий йилнинг 1 июнь кунидан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари Хитойга визасиз сафар қилиш имкониятига эга. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ўзаро визадан озод қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим кучга кириши учун давлат ички процедуралари тугалланган.
“Кўрсатилган халқаро шартноманинг қоидаларига биноан, битим 2025 йил 1 июндан эътиборан кучга киради”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, битим Ўзбекистон ва Хитой фуқароларининг икки давлат ҳудудига ўзаро визасиз сафарларига доир масалаларни тартибга солади.
Битимга мувофиқ, икки томоннинг ҳам фуқаролари икки давлат ҳудудларига кириш, ундан чиқиш ёки транзит қилиш учун ҳар бир алоҳида бўлиш муддати 30 кундан ошмайдиган муддатда ва ҳар қандай 180 кунлик давр ичида жами 90 кундан ортиқ бўлмаган муддатда виза талабларидан озод қилинади.
Билдирилишича, бунда томонларнинг давлатлари ҳудудига ҳар бир кириш ва бўлиш муддати 30 кундан ошмаслиги лозим. Агар фуқаролар 30 кундан ортиқ қолишлари керак бўлса, улар кириш визасини олдиндан олишлари лозим бўлади.
“Визасиз режим меҳнат фаолияти, ўқиш ва медиа фаолияти билан шуғулланиш, шунингдек, бошқа томон ваколатли органларининг олдиндан розилигини талаб қиладиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишга нисбатан татбиқ этилмайди”, дейилади хабарда.
Қолаверса, ушбу режим Хитойнинг Гонгконг ва Макао махсус маъмурий ҳудудларига ташриф буюришга нисбатан амал қилмайди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу битим 2024 йилнинг 1 декабрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашувда имзоланган эди.
LiveБарчаси