Энди талабаларнинг ишлашига шароит яратилади. Бунга ректор ва ҳокимлар масъул бўлади

Жамият

image

Ўзбекистонда ишламоқчи бўлган талабалар 100 минг нафарга яқин ва энди уларга шароит яратиш, ишли қилишга шахсан ректор ва ҳокимларнинг ўзи масъул бўлади. Бу ҳақда бугун, 4 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган олий таълим муассасалари талабалари бандлигини таъминлаш орқали уларнинг турмуш даражасини яхшилаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида сўз борди.

Йиғилишнинг асосий мавзуси – ОТМлар талабалари ишлаб, даромад топишлари учун қўшимча имкониятлар яратиш.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда мамлакат олийгоҳларида 510 минг нафар талаба кундузги шаклда ўқимоқда (жами 820 минг нафар).

Давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ ректорлар, талабалар ўртасида суҳбат ва сўровномалар ўтказилган. Талабаларнинг 100 минг нафарга яқини ишлаш ва қўшимча даромад топиш нияти борлигини билдирган. Айниқса, улар орасида 7,5 минг чин етим ёки ногиронлиги бўлган ҳамда 4,5 минг нафар “дафтарлар”га киритилган талабалар бор.

"Бу рақамлар ҳақиқатда анча юқори. Шунинг учун ректорлар ҳар бир талаба билан ўзлари мулоқот қилиб, ҳақиқий ҳолатни билиш ва уларни банд қилишга шахсан масъул", дейди Мирзиёев.

Шу билан бирга, ҳозирги кунда талабалар ишлаши мумкин бўлган 105 мингта вакант иш ўринлари мавжуд.

“Қайси ҳоким ёки ректор бўш иш ўринларини таҳлил қилиб, талабаларни жойлаштириш бўйича ишлаган? Ҳозирча, бу саволга ижобий жавоб йўқ.

Ҳоким ва ректорлар, бир нарсани билинглар – ишлашга эҳтиёжи бор талабаларга ёрдам бериб, уларнинг бандлигини таъминлаш шарт", деди Президент йиғилишда.

Бу ишларни тизимли ташкил этиш учун Бош вазир бошчилигида республика комиссияси тузилиши белгиланди. Ҳокимлар ҳам ректорлар билан бирга ҳудудларда шундай комиссиялар ташкил этади.

Комиссия:

•    вилоят ҳокимлари ва ректорлар билан бирга ҳар бир олийгоҳ кесимида “талабалар баланси”ни аниқлаб олади;

•    вакант ўринларини таҳлил қилиб, ҳар бир вилоят бўйича 1, 2 ва 3-курс талабаларининг камида 30-40 фоизини ишга жойлаш чораларини кўради;

•    битирувчи курслар талабаларини эса ҳоким, ректор ва корхоналар билан биргаликда келгусидаги иш жойини белгилаб олади ва уларни ҳақ тўланадиган 3-4 ойлик стажировкага юборади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

290

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг