Энди тадбиркорларнинг банкдаги пул маблағларини ноқонуний олиб қўйганлар жаримага тортилади
Жамият
−
11 Май 2023
4117Ўзбекистонда тадбиркорларнинг банкдаги пул маблағларини ноқонуний олиб қўйганлик учун жавобгарлик белгиланди. Ушбу норма киритилган қонун кеча, 10 май куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд уларни ўз вақтида қайтармаслик, оз миқдорда талон-торож қилиш аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 20 бараваридан 40 бараваригача (6 миллион 600 минг сўмдан 13 миллион 200 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, юқорида қайд этилганҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, қуйидаги жазо чораларидан бири қўлланилишига сабаб бўлади:
БҲМнинг 200 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима;
3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш;
300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Мазкур ҳаракатлар кўп миқдорда зарар келтирган бўлса ёки бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Шуниндек, ушбу ҳараккатлар жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо қўлланилмайди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан 3 ой ўтгач кучга киради.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15