Энди солиқ бўйича назорат тадбирлари видеотасвирга олинади
Жамият
−
09 Апрель 2317 2 дақиқа
Энди Ўзбекистонда солиқ органи томонидан ўтказиладиган назорат тадбирлари видеотасвирга олинади. Бу ҳақда бугун, 9 апрель куни тасдиқланган “Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида амалга ошириладиган солиқ назорати тадбирини видеотасвирга олиш тартиби тўғрисида”ги низомда келтирилган.
Вазирлар Маҳкамасининг бугун, 9 апрель куни қабул қилинган қарори билан ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган, шунингдек, энди баъзилари ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.
Хусусан, ҳукуматнинг 2021 йил 7 январдаги 1-сон қарорига киритилган қўшимчаларга кўра, “Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида амалга ошириладиган солиқ назорати тадбирини видеотасвирга олиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланган.
Низомга кўра, назорат тадбирлари солиқ органи раҳбари ёки раҳбар ўринбосарининг солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги буйруғи асосида видеотасвирга олинади.
Солиқ органи томонидан ўтказиладиган назорат тадбирларида қуйидагилар видеотасвирга олинади:
- солиқ солиш объектларини ҳисобга олиш;
- хронометражни кўздан кечириш;
- солиқ тўловчи ишчи ва ходимларининг ҳақиқий сони ҳамда солиқ ҳисоботидаги акс эттирилган ишчи ва ходимлар сонига мувофиқлигини текшириш;
- назорат касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш;
- савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилиши ва бошқалар.
Назорат тадбири солиқ тўловчиларнинг қонуний фаолиятини тўхтатиб қўймайдиган ва фаолият кўрсатишига зиён етказмайдиган тарзда видеотасвирга олинади.
Назорат тадбири натижаси бўйича тузилган далолатномада тадбир жараёнини видеотасвирга олиш мосламаси (қурилманинг русуми ва серия рақами), видеотасвирга олинган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда нақд пулга уй-жой ва автомобиль олди-сотдиси, шунингдек, транспортларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефть-газ маҳсулотларини сотиш ва электрда ҳаракатланадиган транспортларни зарядлаш бўйича хизматлар бекор қилинди.
Live
Барчаси