Энди руслар шенген виза билан ҳам Эстонияга кира олмайди

Олам 2655
image

Эстония ҳукумати республика томонидан берилган Шенген визасига эга бўлган Россия Федерацияси фуқароларининг мамлакатга кириши тақиқланади, деган қарорга келди. Бу ҳақда бугун, 11 август куни Таллиндаги ҳукумат брифингида республика Ташқи ишлар вазири Урмас Рейнсалу маълум қилди. 

“Ҳукумат Ташқи ишлар вазирлиги таклифига кўра, бир ҳафта ичида Эстония томонидан Россия фуқароларига берилган амалдаги Шенген визаларига нисбатан санкция қўлланилиши ҳақида қарор қабул қилди. Уларга Эстонияга кириш тақиқланади”, дейди у. 

Рейнсалу ушбу қоидадан истиснолар бўлишини қўшимча қилди. Хусусан, Россиянинг Эстониядаги дипломатик ваколатхоналари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек, халқаро ташиш билан шуғулланувчи ёки Европа Иттифоқи қонунчилигига мувофиқ эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга нисбатан санкциялар қўлланилмайди.  

Бундан ташқари, чекловлар инсонпарварлик сабабларига кўра республикага кириши зарур бўлган шахсларга, Эстония фуқароларининг яқин қариндошларига ва республикада доимий яшаш учун рухсатномага эга бўлган шахсларга нисбатан қўлланилмайди. Вазирнинг таъкидлашича, ҳозирда Эстонияда Россия фуқароларига берилган 50 мингдан ортиқ амалдаги Шенген визалари ҳақида маълумотлар мавжуд. 

Аввалроқ республика Бош вазири Кая Каллас Россия фуқаролари учун Европа Иттифоқи мамлакатларига сайёҳлик визалари берилишини тақиқлашни зарур деб билишини айтганди. Кейинроқ Германия ҳукуматининг расмий вакили Штеффен Хебстрейт ушбу таклиф Европа Иттифоқида муҳокамага қўйилганини айтди. Еврокомиссия вакили 11 август куни журналистларга бундай чекловлар қўлланилиши мумкинлигини изоҳлар экан, ҳамжамият мамлакатлари ўзларининг халқаро мажбуриятларини бажаришлари ва Европа Иттифоқи фуқароларининг оила аъзоларига, гуманитар соҳа ходимларига, журналистларга ва резидентларга визалар берилишини таъминлашлари кераклигини таъкидлади.  

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 39
Рейтинг: 2.8
t
×