Энди педофилларнинг “боши силанмайди”

Таҳлил

Хоразмда 13 ёшли қизни 11 киши зўрлади. Тошкентда 12 ёшли қиз қўшниси томонидан аввал зўрлаб, кейин ўлдирилди. Пойтахтда педофил эркак ўғил болага тегажоғлик қилди. Бу каби жуда жирканч, ўта аламли, инсоний жиноятдан кўра ҳайвоний ваҳшийликни кўпроқ эслатувчи ҳолатлар яқин ўтмишнинг қора кунлари. Уларнинг тафсилоти эълон қилинганига кўп бўлмади. Энг эътиборлиси, бу даҳшатлардаги педофиллар бегона бўлмаган. Улар – “амак”, “қўшни”, “устоз”, ҳатто “ўгай ота” ниқоби остида бўлган. Ўзларига ишонган болалар ва вояга етмаганларнинг ҳаётини остин-устун қилган. 

Болаларга ҳам руҳий, ҳам жисмоний, ҳам жинсий тажовуз қилганларга нисбатан белгиланадиган жазо доим баҳсли бўлган. Ҳар гал номус ўғриларига нисбатан ҳукм ўқилгач, “нега бунақа кам?”, “нега оддий жазо?” деган саволлар янграрди. Бу орада меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини ойллар давомида зўрлаб келган амалдорларга 3 йил жазо берилганига ҳам гувоҳ бўлди бу халқ! Педофилларга нисбатан чораларни кучайтиришни, ҳатто ўлим жазосини талаб қилганлар бўлди. Худди зотдор молларни кўпаёлмайдиган қилиш учун бажариладиган амалиётни бу мавжудотларга нисбатан ҳам қўллаш керак, “уларни бичиб қўйиш керак” деганлар ҳам йўқ эмасди. Хуллас, аҳолининг жуда катта қисми нима бўлса ҳам бу ноинсоний жиноятни қиладиганлар қатъий жазоланишини хоҳларди. 

Ваниҳоят, президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан педофилия учун умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси жорий этилди. Бу қарор қабул қилинган кун – 2026 йилнинг 16 феврали тарихий дея ҳали кўп эътироф этилади, аниқ! Йиллар давомида бизнинг жамиятда педофилия ва жинсий зўравонлик мавзулари ёпиқ қолган. “Одамлар нима дейди?”, “қиз боланинг келажаги нима бўлади?” деган кераксиз андишалар сабаб содир бўлган жиноятлар очиқланмасди. Бу эса табиийки, одамсимонларнинг жазосиз қолишига хизмат қилган. Давлат раҳбарининг бу масалани очиқ кун тартибига олиб чиқиши – жамиятдаги бу қадимий ва зарарли стереотипларга барҳам бериш учун ҳам хизмат қилади. 

Келинг, ҳозир мана шу қарор қабул қилингунга қадар шов-шув бўлган, кўпларни йиғлатган, айримларда ачиниш ва ғазаб ҳиссини оширган, бир неча ёш, айбсиз, шунчаки келажагидан умид қилиб яшаётган болаларнинг ҳаётини зулматга айлантирган воқеаларни эслаб ўтамиз. 

Тўйда зўрланган 7 яшар қизча 

2025 йилдан ортга қараб юрамиз. Ўтган йилнинг 14 октябрида Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида 7 яшар қиз 38 ёшли қариндоши томонидан зўрлангани аниқланди. 2018 йилда туғилган қизча шунчаки оила аъзолари билан қариндошининг уйи тўйига борган. Яхши ниятда, хурсандчилик қилиш, ўйнаб-кулиш учун. Аммо, нафсининг қули бўлган кимсанинг қурбонига айланган. Ҳолат юзасидан жабрланувчининг яқинлари эмас, Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси ходимлари ИИБга мурожаат қилган. Зудлик билан олиб борилган тезкор-қидирув тадбири жараёнида ушбу жиноятни содир этишда гумонланиб, 1987 йилда туғилган, муқаддам судланган фуқаро қўлга олинган. 

Ўтган йилнинг 24 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман судида мазкур ҳолатга оид жиноят иши кўриб чиқилиб, суд ҳукми эълон қилинди. Олдин ҳам судланиб, хавфли рецидивист деб топилган 38 ёшли кимса 18 йилга қамалди. Шунингдек, у ўта хавфли рецидивист деб топилиб, тайинланган жазо муддатининг дастлабки 3 йилини турмада, жазонинг қолган муддатини махсус тартибли колонияларда ўташи белгиланди. 

Манзил колониядан қочиб, 3-синф ўқувчисининг номусига теккан кимса 

2025 йилнинг октябри оғир келган. Ўша ойда Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида жойлашган манзил колонияда жазосини ўтаётган 31 ёшли маҳкум қочиб, 3-синфда ўқийдиган қизни зўрлаганди. Энг даҳшатлиси, 1994 йилда Фарғона вилоятида туғилган бу яратилиқ аввал ҳам номусга тегиш жиноятини содир этгани учун 2018 йилда 16 йилга озодликдан маҳрум этилган. Жазони эса умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган. У 2024 йилда жиноят ишлари бўйича Нишон тумани судининг ажрими билан манзил колонияга ўтказилган. У ердан 2025 йилнинг 16 октябрь куни қочиб кетган ва шу куни Оҳангарон туманида вояга етмаган қизга уятиз-бузуқ ҳаракатлар қилган. Ўтган йилнинг 5 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Оҳангарон шаҳар судида мазкур иш юзасидан ҳукм ўқилди. Ўта хавфли рецидивист деб топилган кимса 18 йилга озодликдан маҳрум қилинди. 

Ўғил болага тегажоғлик қилган педофил 

2025 йилнинг 4 февралида асаб толаларини чертиш тугул, узиш даражасидаги ҳолатлардан бири содир бўлганди. Тошкент шаҳридаги йўловчи ташувчи автобусининг ичида 37 ёшли бир эркак 13 ёшли ўғил болага жинсий тегажоғлик ва боланинг шаънига зид бошқа ноқонуний ҳаракатлар қилганди. Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 129-моддаси 1-қисми (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган эди. Суд жараёни ёпиқ тарзда ўтказилган ва эркакка 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилган. 

13 ёшли қизга жинсий алоқа учун 50 минг сўм таклиф қилган эр-хотин 

Андижон вилоятида 37 ёшли эркак қўшнисининг 13 ёшли қизига пул эвазига жинсий алоқа таклиф қилган, бу нозик таклифни эса элчи сифатида унинг аёли етказган. Тасаввур қилдингиз-а? 2024 йил ноябрь ойида кўриб чиқилган суд ҳужжатларига кўра, вояга етмаган қизни қўшни аёл уйига олиб келиб, эри билан жинсий алоқада бўлишини сўраган. Уни кўндиришга ҳар томондан уриниб, ўсмир “ҳеч нарсани кўрмаслиги ва оғриқни ҳис қилмаслиги” учун кўзини боғлаб қўйишини айтган ва бунинг учун 50 минг сўм таклиф қилган. Қаранг ҳимматни! Қизча рад этгач, суҳбатга эркак аралашган ва агар у рози бўлса, 100 минг сўм тўлашини айтган. Ҳотамтой… 

Бундай ғалати эр-хотиннинг таклифларидан қизча қўрқиб, қочиб кетган. Воқеани онасига айтиб берган ва иш судгача етиб келган. Судланувчи эркакнинг гувоҳлигига кўра, ўша пайтда 38 ёшда бўлган эркак рафиқаси билан интим эҳтиёжларини қондира олмаган ва унга қўшниси 2011 йилда туғилган қизни олиб келишини айтган. Бироқ, унинг сўзларига кўра, у ухлаб қолган ва кейин нима бўлганини эслай олмаган. 

Биринчи инстанция суди эркак ва унинг рафиқасини маъмурий жавобгарликка тортиб, “Шаҳвоний шилқимлик” қилиш бўйича айбдор деб топган. Эркакка 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси, хотинига эса давлат фойдасига 750 минг сўм жарима жазоси тайинланган. Худди сизда бўлгани каби “ия, шу холосми?” деган жабрланувчининг онаси апелляция шикояти киритган. Аммо, апелляция судида ҳам маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор ўзгаришсиз қолдирилиб, жиноят ишини қўзғатиш зарурлиги тўғрисидаги ариза қаноатлантирилмаган. 

Самарқандда ўқувчи қиз бир гуруҳ шахслар томонидан ўғирлаб кетилиб, зўрланган 

2024 йилнинг 23 сентябрида Самарқанд вилоятида саккизинчи синф ўқувчиси бир гуруҳ шахслар томонидан ўғирлаб кетилган ва унга жинсий тажовуз қилинган. Жабрланувчининг қариндошлари бедарак йўқолган қиз ҳақида ариза билан тегишли жойга мурожаат қилган. Қиз 6 октябрь куни, йўқолганидан 12 кун ўтиб, танадаги зўравонлик излари билан топилган. Унинг сўзларига кўра, бир неча кун калтакланган, жинсий таҳқирланган, алкоголь ва тақиқланган моддалар истеъмол қилишга мажбурланган. 

Вояга етмаган йўловчи қизга жинсий тажовуз қилган таксист 

Такси ҳайдовчилари орасида ўз автомобилини учрашув жойи, унга чиққан йўловчиларни эса ўзига мубтало бўлиб қолган қиз сифатида кўрадиганлари ҳам бор, афсуски. Шунчаки бир манзилдан бошқасига етиб олиш учун машина тўхтатган нозик хилқат вакиллари йўл-йўлакай ҳар хил, “бир ўзингиз қаерга кетяпсиз?” деб бошланадиган саволлардан тортиб, энг шахсий маълумотларгача талаб қилинадиган суҳбатга чидашга мажбур бўлади. 

2024 йил 26 октябрь куни ҳам Қашқадарёда вояга етмаган қиз дугонаси билан сайр қилиб, таксида уйига қайтмоқчи бўлган. Йўл-йўлакай такси ҳайдовчиси қизга турли шахсий саволлар беришни бошлаган, кейин белгиланган маршрутни ўчириб қўйган. Таксист қизнинг “қаерга кетяпмиз?” деган саволига жавобан уни сайр қилдиришга қарор қилганини айтган. У қизни шаҳар ташқарисига олиб чиқиб, машинани тўхтатган, қизнинг телефонини олиб қўйган ва жинсий тажовуз қилган. 

“Мен имкон қадар баланд овозда қичқирдим, шунга қарамай, у ҳаракатларини тўхтатмади. Менинг қаршиликларимга жавобан у бир оз ўзини тутиб олди. Шунда мен ундан менга тегмаслигини, дуч келган жойда тўхтатса, ўзим уйимга етиб олишимни сўрадим. У мени шаҳаргача олиб бориб қўйишини айтди. Шаҳарга яқинлашганимизда у менга телефонимни қайтариб берди ва дўст бўлиб қолишимиз кераклигини билдирди”, дейди жабрланувчи. Бу воқеани кўз олдингизга келтиришнинг ўзи ваҳимали. Қанчадан қанча ота-оналар ҳайдовчилардан ҳам ҳайиқиб қолгани бежизмас. 

Ўқувчисини зўрлаб келган устоз 

Сурхондарё вилояти Денов туманидаги мактаблардан бирида директор ўринбосари 9-синф ўқувчиси бўлган вояга етмаган қизни номусига тегиб келгани аниқланган. Расмий маълумотга кўра, устоз мақомида бўлган шахс тарих фанидан қўшимча дарс бериш баҳонасида доимий равишда қизни ўзини алоҳида чақириб, уни қўрқитиб, зўрлаб келган. Энг даҳшатлиси, бу ҳолат 1 йил мобайнида давом этган. Охир-оқибат жабрланувчи бу ҳақда 2024 йил сентябрь ойининг бошида онасига айтишга мажбур бўлган. Ўқувчининг ота-онаси туман ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилган. Шундан сўнг паспортига эркак деб ёзилган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. 2025 йил март ойидаги суднинг ҳукми билан у 10 йил муддатга панжара ортига юборилган. 

Аввал зўрлаб, кейин ўлдирилган 12 ёшли қиз 

2023 йилнинг 31 январь куни бўлган воқеа кўпчиликни даҳшатга солганди. Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида зўравонлик ва қотиллик аломатлари билан 12 ёшли қизнинг мурдаси топилганди ўшанда. Берилган маълумотларга кўра, қизни зўрлаган эркак марҳуманинг хонадонида 2022 йилнинг ёз ойларида ёлланма ишчи сифатида ишлаган. Воқеа жамоатчиликнинг кескин эътирозларига сабаб бўлди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўз якунига етгач, иш судга юборилди. 

Қотиллик бўйича эълон қилинган суд ҳукмига кўра, эркак одам ўғирлаш, номусга тегиш, жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб, ғайритабиий усулда қондириш, қасддан баданга оғир шикаст етказиш ва қасддан одам ўлдириш жиноятларини содир этганликда айбли деб топилган. Унга бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш тартибида узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 

Амалдор педофиллар 

2023 йилнинг энг шов-шувли номуссизлиги, шубҳасиз Хоразмдаги амалдорларнинг қилмишидир. Хоразм вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган шахс ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи вилоят Халқ таълими бошқармасига қарашли Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари билан тил бириктириб, Меҳрибонлик уйининг вояга етмаган 15–17 ёшли қизларини 10 ой давомида зўрлаб келгани фош бўлганди.

Амалдорларнинг бу ишига рози бўлмаган қизларни Меҳрибонлик уйи директори турли хил қийноқларга солган. Масалан, қизлардан бирининг укасини калтаклаган, яна бирини эса хонага қамаб, оч қолдирган. Иш Жиноят ишлари бўйича Хива туман судида ими-жимида кўриб чиқилиб, 2022 йил 6 сентябрда ҳукм эълон қилинган. Ва у жуда кўп эътирозларга сабаб бўлганди. Икки амалдорнинг ҳар бирига 1 йилу 6 ойдан озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Тасаввур қиляпсизми? Вояга етмаган қизларни ойлаб зўрлаган амалдорлар учун озодликни чеклаш жазоси! Вазият жамоатчиликка ошкор бўлгач, эътирозлар кескин ортиб кетди ва натижада чиқарилган суд ҳукми ва апелляция инстанцияси ажримининг қонунийлиги Бош прокуратура томонидан ўрганилди.
Охир-оқибат икки амалдорга узил-кесил 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шу тариқа, судланувчиларга нисбатан қўлланилган “гаров” тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залидан қамоққа олинди.

Оилавий болалар уйининг зўрланган 13 ёшли қизи 

Афсуски, ота-она меҳрига зор бўлган Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини зўрлаш шу билан тугамаган. 2023 йилнинг апрель ойида ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 13 ёшли оилавий болалар уйи тарбияланувчиси уни асраб олган эркак томонидан зўрлангани ҳақида хабарлар тарқалган. Ҳатто, қиз ҳомиладор бўлиб қолгани ва унинг боласини мажбуран туширтирилгани айтилганди. Ота меҳрини кўрмай, шусиз ҳам ўксик ҳолатда улғаяётган ва эндигина кимнидир “шу мени отам бўлади” деб ишонган қизнинг ҳолатини тасаввур қила оласизми? Ишонаверинг, хаёлингизга келганидан-да кўпроқ азобни тортган у. Ушбу ҳолат ўрганилиб, иш судга оширилган. 2023 йил 6 июнь куни эса Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судида суд ҳукми эълон қилинган. Унга кўра, 13 ёшли қизни зўрлаган эркакка 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

16 ёшли қизни зўрлаганлар 

Кейинги хабар янада даҳшатлироқ. Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида 2022 йил август ойида 11 эркак 2006 йилда туғилган, вояга етмаган қизни зўрлагани ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Прокуратура ҳолат юзасидан тергов давомида 8 нафар шахс гумонланувчи, 3 нафар шахс айбланувчи тариқасида ишга жалб қилингани, улардан уч нафарига қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилгани айтилганди. 2023 йилнинг 1 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Янгиариқ туман судида 2006 йилда туғилган қизни гуруҳ бўлиб зўрлаган 4 нафар шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Унга кўра, уларнинг уч нафари 11 йилга, 1 нафари 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Юқорида айтганимиздек, бошида бу ҳолатда 11 киши иштирок этгани айтилганди. Суд ҳукмига кўра 11 нафар шахс судга жалб қилинган. Қолган гумонланувчиларнинг бу масалага алоқаси бор-йўқлиги ҳақида маълумот берилмаган.

8 яшар қизга уятиз-бузуқ ҳаракат қилган 63 ёшли қария 

Болажон халқ экани асосий таърифга айланган миллатмиз. Аммо болалар ва вояга етмаганлар билан содир бўлган ҳолатлар сескантириб юборадиган даражада даҳшатли. Улар орасида набираси тенги қизларга уятсиз ҳаракатлар қилаётган оқ сочлилар ҳам бор, афсуски. 2023 йилнинг август ойида пойтахт Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида 63 ёшли эркак 8 яшар қизнинг қаршилигига қарамай, уни ўпиб, уятсиз-бузуқ ҳаракат содир этгани ҳақида хабарлар ва тасвирлар тарқалганди. Орадан 3 ой ўтиб, мўйсафидга суд ҳукми ўқилиб, у 5 йилу 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Миллий гвардия ходими зўрлаган 13 ёшли қиз 

2023 йилнинг апрель ойида Тошкент вилоятида 13 ёшли қиз Миллий гвардия ходими томонидан бир неча йил аввал зўрлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Қизни зўрлаган вақтда эркак Миллий гвардия ходими бўлмагани ҳам маълум қилинди. Жабрланган қиз ота-онаси билан Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилган. 2019 йилнинг ёзида эса бувисининг уйига – Тошкент вилояти Қибрай туманига келган. Қизнинг кўрсатмасига кўра, у воқеа содир бўлган куни дугонаси билан уйига қайтаётганида бувисининг қўшниси унга куч ишлатиб, бир бинога олиб кирган ва ўша ерда қизни зўрлаган.

“Мен ёрдам чақириш учун бақирдим, лекин кўчада ҳеч ким йўқ эди. У мени куч билан судраб қўшимча иморатга олиб кирди ва сўрига ташлади. Шундан сўнг у бир қўли билан икки қўлимдан ушлаб, иккинчи қўли билан кийимимни ечди... Сўнг, менга кийинишимни буюрди ва ҳеч кимга айтмаслигимни тайинлади, акс ҳолда мени ўлдириш билан қўрқитди”, деган қиз. Бу воқеа содир бўлган вақтда қиз 13, эркак эса 27 ёшда бўлган. Суд ҳукмига мувофиқ номусга тегиш жиноятини содир этгани исботланган эркак 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

13 ёшли қизни зўрлаган Ички ишлар ходими 

2023 йилнинг май ойида содир бўлган навбатдаги зўрлаш эса бошқаларидан жиддий фарқ қилади. Чунки бу жиноятни аслида шу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиши керак бўлган, қонун посбони дея таърифланадиган касб эгаси – ички ишлар тизимидаги ходим қилган. Қиз дугонаси билан кўчада кетаётган вақтида унинг қўшниси қизларни машинага ўтириб, сайр қилдириб келишни таклиф қилган. Қиз қўшнисини яхши танигани учун машинага ўтирган. Шундан сўнг қўшни эркак ўсмир қизларни ижарага олинган “дача”га олиб бориб, зўрлаган. Қизларни яна маҳаллага олиб келиб ташлаган. Қайд этилишича, бир ҳафта давомида қиз ўзини яқинларидан узоқ тутган ва онаси кейинчалик бу ишдан хабар топган. Қизнинг онаси дарҳол Ички ишлар органларига мурожаат қилган. Бир ҳафта ўтгач, текширув тайинланган, аммо натижалар жуда узоқ вақт давомида эълон қилинмаган. 1992 йилда туғилган эркакка оид жиноят иши бўйича ҳукм 25 декабрга келибгина эълон қилиниб, унга 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Кўриб турганингиздек, педофилия бўйича энг ваҳшиёна йил 2023 йил бўлган. Шу сабабми эҳтимол, Ўзбекистонда илк бор қанча педофил жавобгарликка тортилгани ҳам айнан ўша йили очиқланганди. Июль ойида берилган расмий маълумотга кўра, 2023 йилнинг биринчи ярмида 257 нафар шахсга нисбатан жинсий эркинликка қарши қатор жиноятлари учун Жиноят кодексининг турли моддалари билан жиноят иши очилган. 

Жумладан:

  • 15 нафар шахс 14 ёшга етмаган шахснинг номусига теккани, яъни зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий алоқа қилгани учун;
  • 44 нафар шахс 14 ёшга етмаган шахс билан жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондиргани учун;
  • 163 нафар шахс 16 ёшга етмаган шахснинг номусига теккани учун;
  • 35 нафар шахс 16 ёшга етмаган шахс билан жинсий эҳтиёжини ғайритабиий усулда қондиргани учун суд қилинган.

6 ой учун 257 та педофилнинг аниқланиши Ўзбекистон учун кўплик қилмайдими? Йўқ! Жуда кўплик қилади.

2023 йилда ўша пайтда Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари бўлган Комил Алламжонов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида педофиллар бўйича кескин муносабат билдирган эди: “Педофилларга нисбатан кимёвий кастрация жазосини қўллаш юзасидан қонунчиликка ўзгартириш киритиш вақти келди. Хитой, Лотин Америкаси давлатлари, Саудия Арабистони ва Эронда, биратўла ўлдириб юборилар экан”, деб ёзган эди Комил Алламжонов.

Юқоридаги даҳшатли воқеалар хроникаси шунчаки рақамлар, жазолар ёки қуруқ фактлар йиғиндиси эмас — бу минглаб оилаларнинг барбод бўлган орзулари, болалик шўхликлари ўрнини қоп-қора зулмат эгаллаган мурғак қалбларнинг фарёдидир. Йиллар давомида “уят бўлад”, “андиша қилинг” деган сохта пардалар ортига яширилган бу жирканч иллат жамиятимизни ич-ичидан кемириб келди. Аммо энди жим туриш ва кўз юмиш даври тугади.

Педофилия учун умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси — бу шунчаки қонуний чора эмас, балки давлатнинг ўз фарзандлари ҳимояси учун чизган қатъий чегарасидир. Бу қарор билан Ўзбекистон “номус ўғрилари”га битта аниқ хабарни йўллади: “Сенларга бу жамиятда, бу қуёш остида, бу эркинликда жой йўқ! Кўплаб болаларнинг, ота-оналарнинг кўз ёши эвазига келган бу тарихий адолат мезонлари энди ҳар бир “амаки”, “қўшни” ёки “устоз” қиёфасидаги педофил учун қатъий чорани кўрсатади”.


Мақола муаллифи

Теглар

Миллий гвардия болалар уйи ўқувчи педофил Ички ишлар тажовуз жинсий алоқа педофиллар қария устоз зўрланган номус Амалдор

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг