Энди халқаро фан олимпиадалари ғолибларига қарийб 1 млрд сўм берилади
Жамият
−
28 Март
3152Ўзбекистонда жорий йил 1 июндан бошлаб нуфузли халқаро фан олимпиадалари ғолиб ва совриндорларига тўланадиган бир марталик пул мукофотининг амалдаги миқдорлари 5 бараварга оширилади. Бу ҳақда Президентнинг жорий йилнинг 26 март куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида сўз боради.
Фармонга мувофиқ, жорий йилдан “Эл-юрт умиди” жамғармасининг янги стипендия йўналиши сифатида “Ёрқин истеъдод” лойиҳаси жорий этилади.
Бунда қуйидагилар назарда тутилади:
- ҳар йили иқтидорли, билимга чанқоқ, оғир оилавий шароити сабабли ўқиш имкониятига эга бўлмаган камбағал оилалар фарзандларини хорижда ўқитиш мақсадида ҳар бир маҳалладан фаол ёшларни саралаш;
- саралаб олинган ёшларнинг иқтидорини аниқлаш орқали уларни салоҳиятига мос хорижий олийгоҳларга юбориш учун тайёргарлик курсларида ўқитиш;
- “Эл-юрт умиди” жамғармасига жорий йилда “Ёрқин истеъдод” лойиҳаси учун 300 миллиард сўм ажратилади.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижий мамлакатларда таълим олиб қайтган стипендиатлар миллий кадрлар захирасига тўғридан-тўғри киритилади ҳамда улар давлат органлари, ташкилотлари ва муассасаларига танловсиз ишга олинади.
2025 йил 1 июндан нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 100 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим ташкилотларида илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган 35 ёшгача бўлган мутахассисларга уй-жой сотиб олиш учун уй-жой жойлашган ҳудуддан келиб чиқиб, ўн йил муддатга БҲМнинг 2 150 бараваригача миқдорда фоизсиз ссуда ажратилади.
Нуфузли халқаро фан олимпиадалари ғолиб ва совриндорларига тўланадиган бир марталик пул мукофотининг амалдаги миқдорлари 5 бараварга оширилади:
- 1-ўрин: 937 млн 500 минг сўм (2500 баравар);
- 2-ўрин: 562 млн 500 минг сўм (1500 баравар);
- 3-ўрин: 375 млн сўм (1000 баравар).
Маълумот ўрнида, ҳозирда энг нуфузли олимпиадада 1-ўринни олган ўқувчига БҲМнинг 500 баробари (187,5 млн сўм), халқаро олимпиада ғолибига БҲМнинг 150 баробари (56,25 млн сўм), минтақавий олимпиада ғолибига эса БҲМнинг 12 баробари (4,5 млн сўм) миқдорида пул мукофоти берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур фармон билан Ўзбекистонда 2025/2026 ўқув йилидан “Олий бош қўмондон” давлат стипендияси жорий этилиши хабар қилинганди.
LiveБарчаси