Энди қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ҚҚС тўловчиси бўлади

Жамият

image

Жорий йилнинг 1 октябридан биноан айрим тадбиркорлик субъектларига ҳам ҚҚС жорий қилинмоқда. 

2019 йил 1 октябрдан бошлаб, ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтади. 

Давлат солиқ қўмитаси бу барча хўжалик юритувчи субъектларга тенг шарт-шароитларни яратиш учун қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини ташкил этиш мақсадида амалга оширилаётганини айтмоқда. 

Бу тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 июндаги “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан жорий этилмоқда.

Ҳужжатга кўра, 2019 йилнинг 9 ойида пул айланмаси (тушуми) 1 млрд. сўмдан ошган ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ер майдонларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилари қўшилган қиймат солиғи тўловчиси ҳисобланиши ва белгиланган тартибда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиши талаб этилади.

Эслатиб ўтиш жоизки, фармонда 2019 йил 1 августдан қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиши мумкинлиги белгилаб қўйилганди.

Шу билан бирга, фармонга мувофиқ пахта хомашёсини ишлаб чиқарувчи хўжалик субъектлари 2019 йил ҳосилидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадилар.

Бунда уларга 2018 йилнинг 1 октябридан илгари бўлмаган вақтда ҳақиқатда олинган ва пахта хомашёсини етиштириш учун ишлатилган товарлар (иш, хизматлар) учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилади.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу нормаларнинг амалиётга жорий этилиши мамлакатимизда рақобатбардош ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, тадбиркорликни ва соғлом рақобат муҳитини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

ҚҚС қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари

Баҳолаганлар

24

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг