“Энди ижро органига осон бўлмайди”. Шавкат Мирзиёев янги парламент ҳақида
Жамият
−
20 Январь 2020
4511Президент Шавкат Мирзиёев янгиланган сенат ва қонунчилик палатаси вакилларини назарда тутиб, ижро органига осон бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирди.
“Бугун қуйи палата билан гаплашганимда билдимки, депутатлар ҳам кечаги депутат эмас, халқимиз ҳам кечаги халқ эмас. Ҳозир учрашганда ижро органи раҳбарига айтдимки, “эртага ижро органига осон бўлмайди”. Нимага десангиз, жойлардаги масалаларни биладиган, уларга бепарво бўлмайдиган, эртанги кунга ишонч билан қарайдиган, сайловчиларга ҳурмат билан қарайдиган депутатларни кўрдим. Уларнинг кўзларида жўшқинлик, яхши ният, истак борлигини эътироф этдим”, дейди давлат раҳбари.
Президент ўз нутқида шунингдек сайловлар бошқа руҳда ўтганлигига, парламентда аёллар кўплиги ижобий ҳол эканлигини айтди.
“Дунё ҳамжамияти ҳам берган эътирофи, яъни сайловлар бошқача руҳда ўтгани, муҳит кечаги муҳит эмаслигига яна бир бора амин бўлдим ва мен ўйлайманки, сенаторларимиз ҳам шундай синовлардан ўтди. Сенатор барча масалаларни чуқур қилиб, қабул қилишда сизлар сезгир бўлишингиз керак.
Худдики, Олий мажлисда қандай бўлса, бу ерда ҳам шундай фикр мулоҳаза юритилади. У ерда ёшларни кўрдим. Энг катта ютуғимиз – аёллар кўплигидир. Мен ўйлайманки, қаерда аёллар бўлса, ўша ерда адолат бўлади, ҳақиқат ва поклик бўлади. Натижа бошқача бўлади”, дея таъкидлади Президент сенаторларга қарата.
LiveБарчаси