Энди исмни машинага рақам қилиб қўйса бўлади
Жамият
−
06 Сентябрь 54851
2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда исмни машинага рақам қилиб қўйса бўлади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 4 сентябрда қабул қилинган “Автомототранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб “Узавтомотобелги” давлат унитар корхонасига аҳолининг талаб ва таклифидан келиб чиққан ҳолда автомототранспорт воситалари учун олтитагача ҳарф ва (ёки) рақамлар комбинациясидан иборат бўлган “ноёб” давлат рақами белгиларини очиқ ким ошди электрон савдоларини ўтказиш орқали бериш ҳуқуқи берилади.
Бунда “ноёб” давлат рақами белгилари амалдаги давлат рақами белгиларини такрорламаслиги, қонунчиликка ва ахлоқий нормаларга хилоф маънога эга бўлмаслиги керак.
Масалан, энди кўчаларда “SARVAR”, “AZIZA”, “ODIL” ёки “BUXORO” деб ёзилган рақамли машиналарни кўриш мумкин.
Маълумот учун, шахсийлаштирилган ёки ноёб автомобиль рақамлари биринчи марта АҚШда 1900 йиллар бошида пайдо бўлган. 1903 йилда Массачусетс штати биринчи бўлиб давлат рақамларини жорий қилган. Кейинчалик 1930–1940 йилларда айрим штатлар автомобиль эгаларига ўз танлаган рақам комбинациясини олишга рухсат бера бошлади. 1960 йиллардан бошлаб АҚШда бу жараён расмийлашди ва “vanity plates” (хоҳиш-рақамлар) деб аталадиган тизим кенг ёйилди.
Европада эса Буюк Британия бу йўналишда етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. 1989 йилдан бошлаб Британия ҳукумати махсус рақамларни аукцион орқали сотишни бошлаган.
Қозоғистонда 2014 йилдан буён махсус рақамлар очиқ аукционда сотиб олинади.
Жаҳонгир Болтабоев
Live
Барчаси