Энди прокурор ҳар куни ишини маҳаллада бошлаб, маҳаллада якунлайди

Жамият

image

Ўзбекистондаги туман (шаҳар) ички ишлар органи бошлиғи ва прокурорнинг хизмат хонаси 2025 йил якунигача бевосита маҳаллада ташкил этилиб, уларнинг кундалик иши бошланиши ва якуни айнан ўша ерда амалга оширилади. Бу “Криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда жиноятларнинг олдини олиш бўйича манзилли чоралар” концепциясиида белгиланган. 

Маҳаллаларда алоҳида ташкилий-профилактик тадбирлар ҳамда манзилли чоралар билан илмий-амалий ёндашувларни уйғунлаштирган ҳолда криминоген вазиятни барқарорлаштириш ва хавфсиз муҳитни яратиш концепциянинг асосий мақсади ҳисобланади.

Концепцияга кўра, маҳаллаларда босқичма-босқич маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолияти йўлга қўйилади. Ижтимоий профилактика объектлари, айниқса, оила-турмуш доирасида ҳуқуқбузарликлар содир этувчи шахсларнинг (жанжалкаш ва низоли оилалар) ҳолидан мажбурий равишда камида ҳар 3 кунда хабар олиш амалиёти йўлга қўйилади.

Шунингдек, маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш борасида “маҳалла еттилиги” томонидан фуқаролар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борувчи “маҳалла тарғиботчиси” жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади. Маҳалладаги жамоат жойлари, кўп қаватли тураржой ва уйлар олдида “ташвиш” тугмалари ўрнатилади.

Қайд этиш жоиз, ушбу концепция 18 август куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш тизими натижадорлигини янада оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Президент қарори билан тасдиқланган. 

Қуйидагилар ушбу қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб белгиланган:

  • криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларни сунъий интеллектда ишловчи махсус дастурий таъминотга интеграция қилинган замонавий кузатув камералари билан тўлиқ қамраб олиш;
  • жорий йил якунига қадар жисмоний шахслар мол-мулкини техник қўриқлаш қамровини 30 фоизга, юридик шахслар мол-мулкини қўриқлаш қамровини эса 60 фоизга етказиш.

Шунингдек, ички ишлар органларида юқори малакали кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Академиясида масофавий таълим шакли жорий этилади ҳамда бакалавриат дастури бўйича қабул квоталари босқичма-босқич ошириб борилади.

Қарор билан “Криминоген вазияти мураккаб ва оғир маҳаллаларда “намунали хавфсиз кўча”ва “намунали хавфсиз уй” ташкил этиш” бўйича намунавий талаблар тасдиқланди. “Намунали хавфсиз кўча” ва “намунали хавфсиз уй”ташкил этишга оид инфратузилмавий талаблар қуйидагилар:

  • тунги вақтда кўчанинг аҳоли истиқомат қиладиган ва ҳаракатланадиган қисми тўлиқ ёритилиши;
  • берк кўчалар, ички йўлаклар ва аҳоли кам юрадиган, жиноят содир этилиши эҳтимоли бўлган қоронғу ҳудудларнинг қисман ёритилиши; 
  • транспорт воситалари учун автотураргоҳларнинг техник кузатув талабларига жавоб бериши;
  • кўчаларда ноқонуний (ёйма) савдо расталари фаолияти тартибга солиниши;
  • қаровсиз ертўла, чордоқ ва чиқиндихоналар мавжуд бўлмаслиги.

Оғир маҳаллаларда “намунали хавфсиз кўча” ва “намунали хавфсиз уй”лар ташкил қилиш бўйича аниқ вазифалар ҳар чорак ва ҳар ойда маҳалла, туман ва вилоят даражасида ишлаб чиқиладиган “йўл хариталар”га манзилли киритилади. “Маҳалла еттилиги” томонидан “намунали хавфсиз кўча” ва “намунали хавфсиз уй”ларнинг бошланиш ва тугаш нуқталарига ушбу ижтимоий мақомни билдирадиган стикерлар ўрнатилади. 


Мақола муаллифи

Теглар

прокурор маҳалла ИИО

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг