Энди фуқаролар ўзи истаган жойда светофор ўрнатиши мумкинми?
Жамият
−
19 Февраль
6600Ижтимоий тармоқларда эндиликда жисмоний ёки юридик шахслар ҳудудий йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларига хат билан мурожаат этган ҳолда, ўзлари истаган жойда светофор ўрнатиши мумкинлиги ва қонунда бунинг учун ҳеч қандай чекловлар йўқлиги ҳақида хабар тарқалди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати мазкур хабар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
2013 йил 10 апрелдаги "Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасига кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатларига шаҳарлардаги, шаҳарчалар ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги кўчаларнинг, йўлакларнинг ҳамда йўл ҳаракатини тартибга солиш воситаларининг, шунингдек, шаҳар электр транспорти йўлларининг жиҳозланиши ва соз ҳолатда сақланишини таъминлаш ваколати кириши кўрсатилган.
Шунингдек, ушбу қонуннинг 9-моддасида автомобиль йўлларини қуриш ва фойдаланиш ташкилотининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатларига автомобиль йўлларида йўл ҳаракатини тартибга солиш воситалари, тезкор алоқа тизими қурилишини ва мазкур йўлларнинг ушбу воситалар ва тизим билан жиҳозланишини амалга ошириш ҳамда уларнинг сақланишини таъминлаш ваколати кириши келтирилган.
Амалдаги йўл ҳаракати қоидаларининг 4-бандида "Тегишли ваколатга эга бўлмаган юридик ва жисмоний шахсларга йўл қопламасини бузиш, ўзгартириш ёки зарар етказиш, ифлослантириш, йўл белгиларини, светофорларни ва ҳаракатланишни ташкил этишнинг бошқа техник воситаларини ўзбошимчалик билан олиб ташлаш, ўрнатиш, тўсиб қўйиш, шикастлантириш, йўлларда ҳаракатланишга тўсқинлик қилувчи нарсаларни қолдириш, "сунъий нотекислик" қурилмаларини ўрнатиш тақиқланади" дея белгиланган.
“Йўл ҳаракатини тартибга солиш воситаларини ўрнатиш вазифаси масъул идора ва ташкилотлар зиммасига аниқ юклатилган бўлиб, исталган жисмоний ёки юридик шахслар бундай воситаларни ўзбошимчалик билан ёки қандайдир рухсат асосида ўрнатиш ваколатига эга эмаслигини маълум қиламиз”, дейилади Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати муносабатида.
LiveБарчаси