Энди давлат ташкилотларида 1 ходимга тўғри келадиган майдон 2 баробарга қисқартирилади

Жамият

image

Энди Ўзбекистонда давлат кўчмас мулки объектлари босқичма-босқич ягона бошқарув тизимига ўтказилади, бир ходимга тўғри келадиган ўртача майдонни 27 квадрат метрдан 12-15 квадрат метргача қисқартирилади. Бу ҳақда кеча, 6 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш масалаларига доир таклифлар тақдимотида маълум қилинди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда хусусий секторни ривожлантириш ва инвестициялар жалб қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилган. Бугунги кунда иқтисодиётда давлат улуши 42 фоизни, давлат иштирокидаги корхоналарнинг сони эса 1 минг 685 тани ташкил этмоқда. Хусусан, ўтган йили қарийб 30 триллион сўмлик давлат активлари хусусийлаштирилиб, бюджетга 10 триллион сўмдан ортиқ тушум таъминланган. Ер участкаларини сотиш ҳажми ҳам ошиб, 6 триллион сўмлик натижага эришилган.

Хусусийлаштиришдан манфаатдорлик тизими жорий этилиб, вилоятларда 2,6 триллион сўм, маҳаллаларда эса 7 миллиард сўм маблағ қолган. Давлат корхоналари эса бюджетга 49 триллион сўм тўлаган. Умуман, сўнгги беш йилда хусусийлаштириш ҳисобидан давлат корхоналари сони 60 фоизга камайган.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда соҳада ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ҳам борлиги кўрсатиб ўтилган.

Хусусан, тақдимотда давлат корхоналарини таҳлил қилиш тизимида сунъий интеллект имкониятларидан етарли даражада фойдаланилмаётгани қайд этилган. Молиявий ҳолати оғирлашган 451 та корхона 2024 йилда 14 триллион сўм, ўтган йили эса 362 та корхона 4 триллион сўм зарар кўргани айтилган.

Қолаверса, ҳудудларда давлат мулкидан оқилона фойдаланиш, бўш турган майдонларни иқтисодий фаолиятга жалб қилиш бўйича имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани қайд этилган. Шу муносабат билан давлат кўчмас мулки объектларини босқичма-босқич ягона бошқарув тизимига ўтказиш, бир ходимга тўғри келадиган ўртача майдонни 27 квадрат метрдан 12-15 квадрат метргача қисқартириш таклиф этилган. Бу орқали 4,9 миллион квадрат метр майдонни иқтисодий айланмага киритиш, бўш биноларни савдо ва ижарага чиқариш, шунингдек, сақлаш ва коммунал харажатларни қисқартириш имконияти яратилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, йирик активлар, жумладан, “UzAuto Motors” ва унинг таркибидаги корхоналар, “Навоиязот”, иссиқлик электр станцияларини хусусийлаштиришга тайёрлаш ишлари ҳақида ахборот берилган.

Давлат активларини бошқариш агентлигида рақамли технологиялар лойиҳа офисини ташкил этиш таклифи билдирилган. Ушбу тизим доирасида хусусийлаштиришнинг барча жараёнлари онлайн кузатиб борилади, давлат корхоналарининг молиявий таҳлили ва тушумларни тақсимлаш жараёнларига сунъий интеллект элементлари жорий қилинади.

Давлат раҳбари иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш, активлардан самарали фойдаланиш ва хусусийлаштириш жараёнларини замонавий ёндашувлар асосида тезлаштириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда муддатли ҳарбий хизматчиларга ўқишга киришда янги имтиёзлар тақдим этилиши ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев давлат ташкилотлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг