Энди чиқинди учун фақат кўрсатилган хизматга ҳақ тўланади (видео)
Жамият
−
20 Февраль 2683 3 дақиқа
2026 йил 1 январдан бошлаб чиқинди олиб кетиш хизмати учун янги тўлов тартиби жорий этилди. Энди аҳолидан фақат амалда кўрсатилган хизмат учунгина ҳақ олинади ва барча тўловлар онлайн амалга оширилади. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, 2026 йил 1 январдан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб кетиш хизмати учун ҳақ тўлашнинг янги тартиби жорий этилган. Унга кўра, санитар тозалаш соҳасида истеъмолчилардан фақатгина кўрсатилган хизматлар учун тўлов ҳисобланади ва тўловлар онлайн тизимлар орқали амалга оширилади.
Онлайн тўлов тартиби орқали исталган жойда ва вақтда амалга ошириш мумкин бўлади, банкка бориш ва навбатда туриш шарт бўлмайди, ҳисобни осон текшириш ва назорат қилиш, тўлов чекларини онлайн юклаб олиш, хизмат кўрсатиш жараёнида шаффофликни таъминлаб, хизмат учун ноқонуний тўлов ундириш мумкин бўлади, ундирилган маблағларни кирим қилмасдан ўзлаштириш ҳолатларини бартараф этиш орқали соҳада яширин иқтисодиёт ҳамда коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
“Энди чиқинди хизматлари учун аҳоли қилган тўловлар тўғридан тўғри хизмат кўрсатувчи санитар корхона ҳисобига эмас, балки давлат назоратига, яъни Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг махсус ҳисоб рақамига йўналтирилади. Ундан сўнг операторга алоҳида тартиб асосида маҳаллалардан олиб чиқиб, полигонга жойлаштирган чиқиндини тоннаси ҳамда махсус техниканинг юрган километри ҳисобида фақатгина кўрсатган хизмати учунгина тўлаб берилади”, дейилади хабарда.
Қолаверса, ҳар ой хизмат кўрсатувчи санитар корхоналар фаолияти баҳолаб борилиб, “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилади. Бу баҳолаш корхоналарга ҳақ тўлашда инобатга олиниб, сифатли хизмат қилмаганлар жаримага тортилади ва битим бекор қилиниб, бириктирилган ҳудуд қайтариб олинади.
“Биллинг тизими электр билан интеграция қилиниши баробарида соҳа рақамлаштирилиши ва унга кўра корхоналардан сифатли хизматни талаб қилишда алоҳида назорат ўрнатилгани ҳам айни муддао бўлди”, дейилади хабар якунида.
Таъкидлаш жоизки, илгари чиқиндига тўланадиган пуллар тўғридан тўғри хизмат кўрсатувчи корхонанинг ўзига, яъни операторга йўналтирилган. Кўпинча чекка ҳудудларда операторлар назоратчи қўйиб, эшикма-эшик нақд пул йиғиб, маблағни биллинг тизимига, компьютерга киритмасдан ўзлаштириб юбориш ҳолатлари кузатилган. Оқибатда аҳолида норозилик пайдо бўлган.
Агентликнинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича ҳисоб-китоблар натижасида республика бўйича 12 миллиард камомад чиққан. Агентлик эса акт туздириб, пулларни аҳоли бюджетига қайтарган. Янги жорий этилаётган амалиёт эса бу каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олади.
“Мана шунақа ҳолатлар бўлмаслиги учун тўлиқ нақд пулдан воз кечилиб онлайн тизимга ўтилди. Фуқаролар тўлайдиган пул агентлик ҳузуридаги ҳисобга тушади. Яъни, энди иккита кўча тозаланса, икки кўча учун пул олинади. Илгари хизмат кўрсатса, кўрсатмаса пул йиғиларди. Энди операторлар фақат хизмат кўрсатганига яраша пул олади. Мен 100 минг сўм тўлаган бўлсам, аммо санитар корхона 50 минглик хизмат кўрсатган бўлса, қолган 50 минг кейинги ойлар учун ўтказиб берилади”, дейди агентлик матбуот котиби Дилноза Комилова.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ чиқинди учун аҳолидан асоссиз 9 млрд сўм ундирилгани аниқланган эди.
Live
Барчаси