Энди болаларга зўравонлик қилган боғча опалар 1 йил ишлай олмайди

Жамият

image

Энди Ўзбекистонда болаларга зўравонлик қилан педагоглар мактабгача таълим ташкилотларида 1 йил ишлай олмайди. Бу ҳақда бугун, 9 июль куни Сенатнинг 17-ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунда сўз боради.

Қайд этилишича, мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда таълим ташкилотларида тарбия ва таълим бериш жараёнида вояга етмаган болаларга нисбатан жисмоний зўравонлик содир этганлик, шунингдек уларни таҳқирлаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Бундан ташқари, педагогик фаолиятни амалга ошириш жараёнида вояга етмаганларга нисбатан жисмоний ва (ёки) руҳий зўравонликка оид ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан бир йил муддат давомида мактабгача таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғулланиши мумкин эмаслиги назарда тутилмоқда.

Шунингдек, давлат ёки нодавлат муассасасининг тўлиқ таъминотида бўлган бола учун ота ёки онани алимент тўлашдан озод қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.

Шу билан бирга, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар оилага тарбияга фақат уларнинг қариндошларига берилиши қоидаси жорий этилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонун болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, таълим муассасаларида уларнинг қадр-қиммати ва дахлсизлигини таъминлаш бўйича ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлашга замин яратади.

Муҳокама сўнггида сенаторлар қонунни маъқуллаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда болаларни машина ўриндиғисиз ташиганлик учун жазони кучайтириш таклиф этилаётгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг