Элдор Шомуродовнинг трансфери йўқолган қизнинг топилишига сабаб бўлди

Спорт 29362

Элдор Шомуродовнинг “Рома”га ўтиши польшалик йўқолган қизалоқнинг топилишига сабаб бўлди. Польшанинг Немиров қишлоғида туғилган Жоана Гибка февраль ойидан буён ота-онаси томонидан қидирилаётганди. Қизалоқнинг топилишига ўзбекистонлик Элдор Шомуродов ҳам сабабчи бўлди.

Гап шундаки, Римнинг “Рома” клуби янги футболчиларини таништирувчи видеороликларида, йўқолган болаларни ҳам намойиш қилиб боради. Клуб шу тариқа ўша болаларга кўпроқ эътибор жалб қилишга ҳаракат қилади. Агар кимдир йўқолган бўлса, у билан боғланиш мумкин бўлган хайрия ташкилотларининг рақамларини қолдиради.

Трансфер эълон қилинганидан 24 кун ўтиб қизалоқ топилди. Instagram’да 4 миллионга яқин ўқувчиси бор “Рома”нинг эълони бу савобли ишга туртки бўлди. Маълум бўлишича, бундай усул Британия, Италия, Греция, Бельгия ва Кениядан 11 нафар боланинг топилишига ёрдам берган.

“Бир боланинг топилиши ва бу билан бир оиланинг ташвиши енгиллашишида қайсидир маънода менинг ҳам ҳиссам қўшилганидан жуда хурсандман. Футбол оламидаги машҳурлигини яхшиликка сарфлайдиган клубнинг бир бўлаги эканимдан фахрланаман”, деган Шомуродов ушбу воқеадан кейин ўз фикрларини билдириб.

Маълумот учун, “Рома” ушбу амалиётни 2019 йилдан бери қўллаб келади.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1542
Рейтинг: 3
t
×