Сўз Эрон элчихонасига: сионистлар Эрон тараққиётига ҳасад қилди
Жамият
−
24 Июнь
962024 июнь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон ва Исроил ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилганди. Аммо Эрон ҳам, Исроил ҳам бу пайтда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатмаганди. Хусусан, Эрон Исроилнинг Биэр-Шева шаҳрига зарба бераётганди.
Маълум вақт ўтиб, Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи агарда Исроил ҳарбий ҳаракатларни тўхтатса, Эрон ҳам жавоб зарбаларини тўхтатишини маълум қилди. Шундан сўнг, АҚШ Президенти Дональд Трамп оташкесим режими амалда эканини айтиб, томонлардан мазкур режимни бузмасликни сўради.
Орадан бир неча соат ўтиб эса Эрондан Исроилга ракета учирилгани, бунга жавобан эса Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац Эронга жавоб қайтаришни буюргани ҳақида хабарлар тарқалди.
Трамп томонидан оташкесим эълон қилинган ва у бузилгани ҳам айтилган 24 июнь куни Эроннинг Тошкентдаги элчихонасида матбуот анжумани бўлиб ўтди. QALAMPIR.UZ ҳам унда қатнашиб, Эрон вакилларига микрофон тутди.
Анжуманда Эроннинг Ўзбекистондаги элчихонаси муваққат вакили Ҳусайн Парвариш Исроил ва АҚШнинг Эрон ядровий иншоотларига зарба беришида халқаро ташкилотлар, хусусан МАГАТЭни айблади.
“Албатта, бу ташкилотлар фақатгина сукут сақлаш билан кифояланганда эди, балки вазият у даражага етмаган бўларди. Аммо улар фақат сукут сақламади, балки бунинг аксини қилди. Масалан, МАГАТЭ ташкилоти охирги 15 кун давомида ўзининг турли ҳисоботлари, асосланмаган, аниқ далиллари келтирилмаган турли баёнотлари билан Исроил ва АҚШнинг Эрондаги объектларга тажовузи учун замин яратди”, деди у.
Эрон вакилининг айтишича, АҚШ ва Исроилнинг муаммоси Эроннинг ядровий иншоотлари эмас, балки бир неча 10 йиллар давомида қўлланилган кескин халқаро санкцияларга қарамасдан, Эрон Ислом Республикаси турли соҳаларда, жумладан илм-фан, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа турли йўналишларда катта ютуқларга эришганидир.
“Уларнинг асосий мақсади Эроннинг ядровий дастури эмас, унинг мана шу ютуқларга эришаётгани”, деди у.
Шунингдек, элчихона вакили АҚШ Президенти Дональд Трампни ҳам қоралаб, у нафақат халқаро ҳуқуқ нормалари ва Эрон Ислом Республикасига, балки Трамп учун овоз берган Америка халқининг ўзига ҳам хиёнат қилганини айтди.
“Эсингизда бўлса, Трамп сайловлар пайтида асосан тинчлик ўрнатиш ғоялари билан сайловчилар овозини ўзига жалб қилган эди. Яъни сайловчилар у тинчлик келтиради деб ишониб, унга овоз берган эди. Бироқ у президентликка киришибоқ, тинчлик ўрнатишга эмас, янги уруш ўчоқларини очишга ҳаракат қилди.
Трамп сайловолди кампанияси пайтида Украина-Россия урушини тезроқ тугатишга, Ғазодаги қирғинни тўхтатишга ва албатта, Эрон ядровий дастури билан боғлиқ муаммони бартараф қилишга ваъда берган эди. Лекин ҳар учала масала бўйича нима ҳодисалар бўлганига ўзингиз эътибор беринг. Украина-Россия уруши баттар авж олди, Ғазо қирғини ундан баттар бўлди ва Эрон ядровий дастури билан бўлган вазиятни ҳам кўриб турибсиз”, деди Ҳусайн Парвариш.
У Эрон Исроил билан дуч келаётган муаммо фақатгина Эроннинг муаммоси эмаслиги, бу бутун халқаро ҳамжамиятнинг муаммоси эканини, чунки Исроил нафақат Эрон Ислом Республикаси ҳуқуқларини, умуман халқаро ҳуқуқ ва мезонларни бузиб, бу йўналишда фаолият кўрсатувчи барча халқаро ташкилотларнинг обрў-эътиборини сариқ чақага олмасдан ҳаракат қилаётганини қўшимча қилди.
“Халқаро ҳамжамият кейинчалик Исроил ва АҚШнинг ушбу бир томонлама ҳаракатлари шундай можаролар доирасини янада кенгайтирмаслиги, бу можаролар домига янгидан-янги давлатларни тортмаслиги, ҳуқуқлар беписандлик билан бузилмаслиги учун биргаликда ҳаракат қилиши ва бундай ҳаракатларни қоралаши лозим деб ҳисоблайман”, деди у.
Бундан ташқари, дипломат Исроил ва Американинг Эронга қарши амалга оширган агрессиясига нисбатан кескин реакция кўрсатилганини қайд этди.
“Ушбу жавобимиз чоғида шу нарса кўриндики, бугунги кунда Эрон Ислом Республикаси замонавий қуролларнинг маълум бир тури билан чекланмай, ўзимизга қарши босқинга нисбатан аралаш, бир неча таркибли қуроллар билан, бир неча таркибли жавоб чоралари билан ўзимизни мудофаа қилишга қудратимиз етади”, деди у.