Экоқўмита раисининг 4 та хизмат машинаси борми? Идора автомобиллар сонига аниқлик киритди
Жамият
−
15 Август 2022
17558Ижтимой тармоқларда Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродовнинг бир эмас, тўртта – Mercedes Benz, Тoyota 200, E-bora ва Volkswagen ID-6 хизмат автомобили борлиги ҳақди хабарлар тарқалди.
Экоқўмита Матбуот хизмати ҳолатга муносабат билдириб, идора раиси тўрт эмас, иккита автомобилдан фойдаланишини маълум қилди.
“Қўмита раҳбарияти хизмат автомашиналаридан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб-қоидаларга асосан фойдаланиб келмоқда. Қўмита раисига 1 та Mercedes Benz автотранспорт воситаси бириктирилган. Шунингдек, зарур ҳолларда хизмат вазифасини ўташ давомида олис ва чекка ҳудудларга хизмат сафари вақтида ёқилғи харажатларини тежаш мақсадида техник кўмак маблағлари ҳисобидан харид қилинган навбатчи электромобиль ишлатилиши мумкин”, дейилади қўмита муносабатида.
Қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган даврида қўмитанинг барча ҳудудий бўлинмалари, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Навоий вилоятларининг олис ва чекка ҳудудларида жойлашган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида 40 дан ортиқ автотранспорт воситалари (“Нива”, электромобиль, Damas) хорижий ҳамкорларнинг техник кўмак маблағлари ҳисобидан харид қилинган. Автомобиллар хариди учун бюджет маблағлари умуман сарф қилинмаган.
“Фурсатдан фойдаланиб, Давлат экология қўмитаси шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон, асосланмаган ахборотни тарқатганлик учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида тегишли жавобгарлик нормалари белгиланганлигини эслатиб ўтамиз”, дейилади идора расмий баёнотида.
LiveБарчаси