Эгилмаётган Эрдўған ёхуд зилзила унинг “кресло”сини ҳам қимирлатдими?
Таҳлил
−
18 Февраль 2023
29168Туркияда сайловлар қолдирилиши билан боғлиқ миш-мишлар ҳали ҳам давом этмоқда. Баъзи сиёсатчилар нима бўлишига қарамай, сайловларни вақтида ўтказиш кералигини таъкидласа, бошқалари аввал овоз берувчи фуқароларни қутқариш зарурлигини айтмоқда. 2022 йилда Адлия вазири Бакир Бўздоғ президентлик ва парламент сайловлари 2023 йилнинг 18 июнь куни бўлиб ўтишини айтган эди. Бироқ экспертлар сайловлар эртароқ ўтказилишини ёқлаб чиқди. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ўзи эса, сайловни 14 май куни ўтказишни таклиф қилди.
Эрдўған ва унинг нолга тенглашаётган бошқарув даври
Туркия қонунчилигига кўра, мамлакатда сайлов санасини парламент белгилайди. Агар депутатлар рози бўлмаса, уни Президент Фармони билан белгилаш мумкин. Аслини олганда, сайловларнинг муддатидан олдин ўтказилиши Эрдўған бошчилигидаги “Адолат ва тараққиёт” партияси учун фойдали бўлади. Чунки бу орқали мухолифатга сайловчиларни сафарбар қилиш учун камроқ вақт қолади.
Агар Эрдўған ғалаба қозонса, учинчи марта мамлакатнинг юқори лавозимини эгаллайди.
Туркияда 2014 йилдан бери Президент тўғридан-тўғри сайланади. Унинг ваколат муддати 5 йил, бир киши бу ловозимни икки муддат, яъни 10 йилдан ортиқ эгаллаши мумкин эмас. Бироқ 2017 йилда Конституцияга киритилган ўзгартириш туфайли Эрдўған қайта сайланиши мумкин, бунда унинг аввалги раҳбарлик даври нолга тенлашади.
Зилзилада Эрдўғаннинг айби нима?
Зилзила оқибатида миллионлаб камбағал оилалар яшаш учун курашаётган бир вақтда инфляцияни бошқариш билан боғлиқ муаммоларнинг кўплиги давлат раҳбарига бўлган ишончнинг дарз кетишига сабаб бўлмоқда. Мухолифат Эрдўғанни йиллар давомида мамлакатни зилзилага тайёрламаганликда айбламоқда. Уларнинг айтишича, зилзиланинг бу даражада ҳалокатли тус олишининг асосий сабаблари қурилиш меъёрларига бўлган эътиборнинг сустлиги, йиллар давомида сақланиб келаётган иншоотларнинг зилзилага чидамлилик даражаси текширилмагани, ҳаддан ташқари эски биноларнинг кўплигидир.
Ҳа, Ҳукумат ушбу фавқулодда ҳолатда қўлидан келган ишни қилмоқда. Дунёга ёрдам учун эшикларини очди. 10 ҳудудда 90 кунлик фавқулодда ҳолат эълон қилинди. 70 дан ортиқ мамлакат қидирув-қутқарув, тиббий гуруҳларини, шунингдек, гуманитар ёрдамлар юборди. Қолаверса, Ҳукуматнинг барча даражадаги идоралари зилзила талафотларини бартараф қилишга йўналтирилди. Зилзилада жабрланганлар чодирларга ёки Анталия, Аланья ва Мерсиндаги меҳмонхоналарга жойлаштирилди.
Ҳукумат кўраётган чора-тадбирларга қарамай, одамлар орасида очлик, бошпанасизлик ва вайроналар отсидан яқинларини олиб чиқилмаётгани, ёрдам гуруҳлари айрим ҳудудларга умуман етиб келмагани ҳақида эътирозлар пайдо бўлмоқда. Телевидение ва ижтимоий тармоқларда тарқалган айрим тасвирларда одамларнинг совуқ шароитда ёрдам кутиб ётгани, ўз қўллари билан вайроналарни қазишга уринаётгани, яқинларини қаерга кўмишни билмай сарсон юрганини кўриш мумкин. Дастлабки соатларда фуқаролар қутқарувчиларнинг вақтида етиб келмагани, етиб келганларнинг қўлларида эса қурол-аслаҳаси ҳам йўқлигидан норози бўлди.
“Зилзиланинг иккинчи куни соат 14:00 га қадар ҳеч кимни кўрмадим. На ҳукумат, на давлат, на полиция ва на аскарлар. Уят сизга!”, дейди Адияманда яшовчи Меҳмет Йилдирим “Al-Моnitor” нашрига берган интервьюсида.
Дастлабки маълумотларга қараганда, зизила ҳудудида жойлашган 47 000 бинодаги 211 000 уй вайрон бўлган. Бинолар жиддий зарар кўргани сабаб зудлик билан уларни бузиш буюрилган. Зилзиланинг илк кунидан то бугунга қадар зарарни баҳолаш тадқиқотлари якунланса, аниқ рақамлар ошкор бўлади.
“Blue Bay” кўчмас мулк агентлигининг активларни бошқариш бўйича таҳлилчиси Тимоти Еш, “Зилзиладан сўнг вазиятни бартараф этишда алоҳида жонбозлик кўрсатган номзоднинг сайловларда ютиб чиқиш эҳтимоли катта” эканини айтди. 1999 йилда Эдўған ҳудди шундай йўл тутган эди.
1999 йил Измит фожиаси
1999 йил 17 августда содир бўлган 7,4 магнитудали Измит зилзиласи мамлакат тарихида жуда катта талафотлар олиб келган фожиа сифатида ёдга олинади. Унинг оқибатида 17 000 дан ортиқ инсон қурбон бўлган, 50 000 дан ортиқ одам жароҳатланган. Ер қимирлаши бинолар, йўллар ва инфратузилмага ҳам катта зарар етказган. Табиий офат туфайли юз минглаб одамлар бошпанасиз қолган.
Ушбу зилзила мамлакат капиталининг иқтисодий таназзулга юз тутган пайтида содир бўлган. Матбуот ҳукуматни фавқулодда вазиятларга ёмон муносабатда бўлганликда айблаган. Зилзилани олдини олишнинг иложи бўлмаса-да, табиий офатнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича дастлабки соатларда адекват чоралар кўрилмагани учун қурбонлар сони ортиб борган. Ўша йилларда ҳукуматни бошқарган Бош вазир Булент Эжевит бу воқеадан сўнг вайронагарчилик кўламини кўриб “шок” ҳолатига тушиб қолган.
“У вайрона юз берган ҳудудни кўздан кечириш учун зудлик билан вертолётга чиқиб, қўл остидагиларини халқга ёрдам беришга сафарбар этишнинг ўрнига, кунлар давомида фақат ҳолат унинг назорати остида эканлигини ва ташвишланишга асос йўқлигини айтиш билан машғул бўлган”, дейди “The New York Times” журналисти Стивин Кинзер.
Ҳукумат раиси Эжевит талафот кўрган ҳудудга минглаб аскар юбориши мумкин бўлган армия ҳарбийларининг ёрдамидан ҳам фойдаланмаган. Туркия зилзилалар тез-тез кузатилиб турадиган сейсмологик ҳудуд бўлса ҳам, ҳукумат уни бартараф этиш ишларини аввалдан режалаштирмаган. Оқибатда одамларни қутқариб олиш, уй билан таъминлаш, ўликларни кўмиш билан боғлиқ муаммолар қалашиб кетган.
Фожиа шуҳрат келтирган Эрдўған
Измит зилзиласида Ҳукумат бор ҳақиқатни халқдан яширди. Ҳатто, ўша вақтдаги Президент Сулаймон Демирел чиқишларидан бирида “Афсуски, ўлим сонини аниқ билмаймиз”, деган. Зилзила ва унинг оқибатларини бартараф эта олмаслик, ўлим сони кескин ортиб кетиши, ўликлар бир неча кунгача қолиб кетиб, чириши халқнинг давлат ва амалдорларга нисбатан ишончсизлигини оширди.
Айни вақтда одамлар Истанбулнинг собиқ ҳокими, қамалиб чиққан Эрдўғанга жуда ишонар, унинг Истанбулда инфратузилма бўйича ислоҳотларини билар, дегизни ахлатлардан тозалаш, чиқиндиларга тўлган шаҳарни обод қилиш, кўприклар ва йўллар қуриш, аҳолини ичимлик суви ва электр энергияси, шунингдек, бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасидаги муваффақиятли фаолиятидан хабардор эди. Одамлар Эрдўғанга халоскордек қаради. 2001 йилга келиб, Эрдўған “Адолат ва тараққиёт” партиясини тузди ва энди Истанбулда орттирган тажрибасини бутун мамлакат бўйлаб қўллай бошлади.
Зилзила солиғи қани?
1999 йилги Измит зилзиласидан сўнг шу йилнинг ноябрь ойида мамлакатда “зилзила солиғи” (алоқа солиғи) жорий этилди. Дастлаб вақинчалик амал қилиниши режалаштирилган “зилзила солиғи” кейинчалик доимий солиқ тури сифатида қабул қилинди. Аввалига ундан келувчи даромад кабель телевидениеси, мобил қўнғироқлар ва хабарлар учун сафарбар этилган бўлса, кейинроқ транспорт воситалари, кўчмас мулк, хусусий аълоқа ва хусусий битимлар, қишлоқ хўжалиги лойиҳаларига ҳам ишлатила бошланди.
Хўш, ҳозир бу пуллар қаерда? Солиқдан йиғилган пуллар эвазига қанча уй қуриш мумкин эди?
Ғазначилик ва Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган кўрсаткичларда ҳар йили қанча “алоқа солиғи” ундирилишини кузатиш мумкин. Маълумотларга кўра, 2000-2022 йиллар мобайнида жами 87 миллиард 998 миллион лира (38 миллиард 277 миллион АҚШ доллар) зилзила солиғи йиғилди. Эрдўған ҳукмронлиги даври (2003-2022 йиллар) оралиғидаги солиқнинг умумий миқдори эса 86 миллиард 138 миллион лира (36,5 миллиард АҚШ доллар)ни ташкил этди. Статистик маълумотларга кўра, солиқнинг миқдори йилдан-йил ортиб борган.
“Зилила солиғи”нинг йиллик йиғими:
- 2003 йилда – 1048 минг турк лираси;
- 2006 йилда – 3 577 724 минг турк лираси;
- 2008 йилда – 4 550 775 минг турк лираси;
- 2021 йилда – 6 618 120 минг турк лираси;
- 2022 йилнинг биринчи 10 ойи учун – 7 405 771 минг турк лираси.
2022 йилда Туркия парламенти аъзолари Атроф-муҳит ва шаҳарсозлик вазирлигига зилзилалардан биноларни мустаҳкамлаш учун бюджетдан қанча пул олишлари ҳақида расмий сўров юборди. 2021 йилдаги маълумотларга асосан “зилзила солиғи”нинг умумий 6,6 миллиард лирани ташкил этган бюджетдан атиги 800 миллион лира биноларни мустаҳкамлашга сарфланган. Туркиянинг собиқ Молия вазири Меҳмет Шимшек 2011 йилда йиғилган “зилзила солиғи” марказий бюджетга ўтказилиб, у ердан турли йўллар билан бошқа соҳалар, жумладан, йўл қурилиши, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига сарф қилинаётганини айтди.
Бироқ Ражаб Тойиб Эрдўған “зилзила солиғи” ҳақида оғиз очгани йўқ. Фақат мамлакатлардан ёрдам кутиш эвазига ваъдалар бераётган давлат раҳбари оммага таъсирли чиқишлар қиляпти, ҳудудларга боряпти, рафиқаси билан шифохоналарда бўляпти ва зилзила вайроналари остидан омон чиққанлар билан телефонда гаплашяпти. Мухолифатнинг айбловларига жим қараб турмайдиган Эрдўған, бу сафар солиқ бўйича сўровларга миқ этаётгани йўқ.
Қулаган уйларнинг Эрдўғанга алоқаси йўқ...ми?
Зилзиладан бир неча соат ўтиб Анқарадаги матбуот анжуманида Ражаб Тойиб Эрдўған баёнот беришни бошлади ва уч кун давомида халқга мурожаат қилишда давом этди.
Президент зилзиладан энг кўп жабр кўрган Ҳатайдаги ҳукумат камчиликларини тан олиб, “бундай фалокатга тайёр бўлмаганини” айтди. Бошқа томондан давлат раҳбарининг кейинги кунлардаги чиқиши ва Ҳукумат телеканалларида берилаётган ахборотлар эътиборни тортади. Уларда айтилишича, 10 вилоятда вайрон бўлган уйларнинг ҳеч бири Эрдўған ҳукумати даврида қурилмаган, улар анча эски. Қолаверса, давлат томонидан қурилган бирорта уйга зарар етмаган.
Ражаб Тойиб Эрдўған “2022 йилнинг 6 февралидаги зилизила мамлакат тарихидаги энг кучли ер қимирлашидир”, дея фожиага муносабат билдирмоқда. Унинг таъкидлашича, одамларни вайроналардан тезроқ олиб кетишда қишнинг совуқ ҳавоси ва эвакуация билан боғлиқ қийинчилик туғдирмоқда.
Президент сайлов олдидан иқтисодни жонлантириш учун сарф-харажатларга эътибор қаратиб, 2,3 миллион ишчи учун эрта пенсия таклифлари, субсидиялар, кам таъминланган оилалар учун ярим миллион уй қуриб берилишини айтди.
Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Эдўғаннинг ҳозирги вазиятдаги статуси юқори бўлмасада, сайлов олдидан вазиятни ўзгартириш имкони қўлдан бой берилгани йўқ. Буни ўзи ҳам яхши билган Президент шундай деди:
“Вайрон бўлган бинолардан охирги тирик одамни олиб чиқмагунимизча ишимизни давом эттирамиз. Қидирув-қутқарув гуруҳлари томонидан қутқарилган ва турли манзилларга кузатилган 108 минг ярадоримизга Яратгандан тезроқ шифо сўрайман”, дейди амалдаги Президент ўзининг сўнгги чиқишларидан бирида.
Жорий йилнинг 14 февралидаги чиқишида Ражаб Тойиб Эрдўған март ойининг бошларида яна 30 та уй қурилишини режа қилаётганлигини айтиб, зилзила ҳудудидаги фуқароларидан яна бир йил сабр қилишларини сўради:
“Биз ҳеч бир фуқаромизни моддий ва маънавий жиҳатдан қаровсиз қолдирмаймиз, ёрдам ва бошпана берилишини тартибли давом этишини таъминлаймиз”.
Давлат раҳбари яшаш учун яроқсиз ҳолга келган ҳар бир хонадон эгасига 15 минг лирадан ёрдам пули, 2 мингдан 5 минг лирагача ижара ёрдами ҳамда ҳар бир хонадонга 10 минг лирадан кўчириш ёрдами кўрсатишга ваъда берди. Шунингдек, зилзила оқибатида ҳалок бўлган фуқароларнинг яқинларига 100 минг лира нақд пул хайрия қилинишини қўшимча қилди. Мамлакатдаги барча давлат олий таълим муассасалари фаолияти ёзгача тўхтатилиб, масофавий таълим шаклига ўтилди ва бўшаган бинолар, ётоқхоналарга зилзиладан жабрланганлар жойлаштирилиши бошланди.
Эрдўған бошчилигидаги иқтисодий инқироз
Етарлича ақлли ва тажрибали сиёсатчи Эрдўған ушбу вазиятда ҳеч қандай маблағни аямасдан табиий офат оқибатларини бартараф этиш, халққа унинг “отаси” ким эканлини кўрсатиш билан машғул. Бироқ ҳозирда Туркия бундай ҳаракатлар давомийлиги учун етарли маблағга эга буюк давлат эмас.
Таҳлилчиларга кўра, Эрдўған ва унинг ҳукумрон партияси мамлакат тепасига келганидан бери Туркия энг ёмон иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда. Инфляция даражаси йилига 80 фоиздан ошди, 2022 йили лира долларга нисбатан 30 фоизга тушди.
“Bloomberg” мамлакат тадбиркорлар конфедерацияси ва республикадаги ишбилармон доиралар вакилларининг ҳисоб-китобларига кўра, Туркиядаги зилзилалар оқибатида мамлакат иқтисодиётига 84 миллиард доллардан ортиқ зарар етди.
Сиёсий жараёнларда икки ҳолат кузатилиши мумкин. Бир томондан Туркия раҳбари содир бўлган зилзиладан сиёсий балл тўплаб, умумий қайғу атрофида бирлашиш зарурлигини кўрсатиб, халқ қутқарувчисига айланади. Бошқа томондан, Эрдўған ҳалокатли инфляция ва турк лирасининг долларга нисбатан қулаши фонида ўзи ва “Адолат ва тараққиёт партияси”нинг принциплари тугатилишига мажбур бўлади.
Таҳлилчилар фикрига кўра, эндиликда мухолифат Эрдўғаннинг хатоларини топишга ҳаракат қилади. Вайрон бўлган уйлар қурилиши бўйича текширувлар бошланади, улар қандай компаниялар, қандай пудратчилар томонидан қурилгани ва уларга кимлар шериклик қилгани ўрганиб чиқилади. Вазиятнинг бундай тус олишини кутиб турган президентликка етакчи номзодлардан бири Камол Қиличдорўғли ўзининг Twitter саҳифасида шундай деди:
“Агар мамлакат йўқотишларига бир шахс жавобгар бўлса, у Эрдўғандир”.
Бу ёзувдан кейин унинг ижтимоий тармоқга кириши тақиқланди.
Бироқ, Эрдўған ҳам худди шундай иш қила олади, барча айбни 1999 йиллар раҳбариятига юклайди. Мисол учун, охирги чиқишларидан бирида давлат раҳбари фалокатда вайрон бўлган биноларнинг 98 фоизи 1999 йилгача қурилгани, ундаги камчиликлар ўша йилдаги маъёрий талаблардан келиб чиққани ҳақида айтиб ўтди. Измит зилзиласида фалокат оқибатларидан фалаж бўлган ўша пайтдаги Бош вазир Булет Эжевит етарлича кучларни сафарбар эта олмагани учун қораланган эди. Эрдўған бундай вазиятни олдини олиш учун халқаро ёрдам сўраб мурожат қилди. У Туркиянинг яқин тарихидан сабоқ олганми-йўқми, мамлакатни қандай бошқара олишини мухолифат учун сайловларгача кўрсата олиши керак.
Маълумот учун, келгусидаги сайловларда икки коалиция – Эрдўған ва мухолифат тўқнаш келиши кутилмоқда. Рақобат шиддатли ва таҳликали бўлади. Хусусан, ўтган йил охирида Президентнинг асосий рақибларидан бири, Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли 2019 йилда сайловда Марказий сайлов комиссияси аъзоларини ҳақорат қилгани ортидан суд уни икки ярим йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида қарор чиқарди, аммо қарор ҳозирча кучга киргани йўқ. Айни вақтда мамлакатда сиёсий кураш авж олиб бормоқда.
Умида Мухторбекова