“E-IJRO AUKSION” марҳаматлик тадбиркор бўйича маълумот берди. Ҳоким ва кадастрга янги саволлар
Жамият
−
13 Декабрь 2019
7584“E-IJRO AUKSION” Маркази аукционда ютиб 8 ойдирки ерини оломаётган тадбиркор мақоласи юзасидан баёнот берди. Марказ мутасадди ташкилотлардан Вазирлар Маҳкамаси қарорлари доирасида иш кўришини сўрамоқда.
Хабарингиз бор, куни кеча Андижон вилояти, Марҳамат туманидаги “TARAQQIYOT OMAD SERVIS” корхонаси томонидан йўлланган мурожаат масаласида мақола эълон қилган эдик. Унда тадбиркор шу йилнинг 9 апрель куни аукционда ғолиб бўлиб ҳали-ҳануз ерини ололмаётгани баён этилган.
“E-IJRO AUKSION” Марказининг маълум қилишича, 2019 йил 9 апрель куни Марҳамат тумани, “Гулистон” МФЙ ҳудудида жойлашган майдони 0,03 га бўлган бўш ер участкаси онлайн-аукцион савдоларида сотилган. Ернинг бошланғич баҳоси 4 884 390 сўм бўлган. Иштирокчи “TARAQQIYOT OMAD SERVIS” X\F томонидан тизим таклиф этган нарх 5 617 048,50 сўм тасдиқланиб, у аукцион ғолиби деб топилган. Иштирокчига белгиланган тартибда баённома расмийлаштирилиб берилган.
Ушбу масала Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июндаги 493-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 79-банди билан тартибга солинади. Унда қўйидагича белгиланган: “ғолиб аукцион объекти қийматини тўлиқ тўлаганидан сўнг, оператор кейинги иш кунидан кечиктирмасдан махсус бланкада аукцион натижалари ҳақидаги баённомани расмийлаштириши ҳамда уни муҳр билан тасдиқлаши, бир нусхасини аукцион ғолибига топшириши (ёки аукцион ғолибининг розилигига кўра, почта жўнатмаси билан юборилиши) белгилаб берилган”.
Марказнинг маълумотига кўра, “TARAQQIYOT OMAD SERVIS” X\F розилигига кўра, Марказ томонидан 2019 йил 12 апрель куни "Ўзбекистон почтаси" хизмати (буюртма хат) орқали баённоманинг асл нусхаси Марҳамат тумани ҳокимлигига юборилган.
Марказ юқоридаги Низомнинг 86-бандига ҳам эътибор қаратган. Мазкур бандда қуйидагича қоида белгиланган: “туман (шаҳар) ҳокимлиги Оператордан аукцион натижалари ҳақидаги баённомани ва ер участкасини реализация қилишдан тушган пул маблағларни олгач, 3 иш куни давомида ғолибга “Доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкасини ажратиш тўғрисида” қарор чиқариб бериши белгилаб қўйилган”.
Марказ ғолиб иштирокчи олдида ўз мажбуриятларини тўлиқ бажарганлигини айтмоқда. Шунингдек, барча мутасадди ташкилотдан электрон онлайн-аукцион ғолибларининг мулкка эгалик ҳуқуқини расмийлаштиришда Вазирлар Маҳкамаси қарори талаблари доирасида иш кўришни сўраб қолган.
Биз марказ берган маълумотлар асосида масалани таҳлил қилдик ва ҳокимликка ва кадастр ташкилотига нисбатан саволлар пайдо бўлди.
Агар ғолиблик баённомасининг асл нусхаси ҳокимликка юборилган бўлса, нега ҳамон ҳужжатнинг бир нусхаси ғолибда мавжуд эмас?
Низомнинг 86-бандида 3 иш кунида ғолибга “Доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкасини ажратиш тўғрисида” қарор чиқариб берилмай, 23 июль санасида чиқариб берилган?
Низомнинг 90-бандига асосан, ҳоким қарорини олганидан сўнг икки иш кунида давлат рўйхатидан ўтказиб, ер участкасига оид гувоҳномани тадбиркорга бериши лозим эди. Нега 23 июль куни чиқарилган ҳоким қарори ҳалигача ижро этилмаяпти? Ёки улар ҳоким қарорини тан олмайдими?
Ҳокимлик ва кадастр ташкилотлари томонидан ер қачон берилади?
Саволлар бисёр, жавоблар эса ҳозирча йўқ. Маълумот бериш навбати Марҳамат туман ҳокимлиги ва кадастр ташкилотига.
Тезкор ва холис маълумот бергани “E-IJRO AUKSION” Маркази таҳсинга сазовор.
LiveБарчаси