“Дўст оғир кунда билинади” – Сирдарёга бутун Ўзбекистон ёрдам қўлини чўзмоқда (фоторепортаж)
Жамият
−
02 Май 2020
10491Кеча, 1 май куни Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омборининг деворидан сув чиқиши оқибатида кўплаб аҳоли яшаш пунктларига сув тошқини ёпирилиб борди. Оқибатда одамлар эвакуация қилинди. Мактаб, коллеж ва турли муассасаларга жойлаштирилди. Саховатпеша одамлар уларга ўз уйларидан жой берди.
Ушбу табиий офатга Ўзбекистоннинг турли вилоятлари тезкорлик билан реакция билдирди. Инсонпарварлик ёрдами ортилган юк машиналари карвони Сирдарё халқига кўмак бериш мақсадида йўлга чиқди.
Кечанинг ўзидаёқ Қашқадарё вилояти аҳолиси томонидан Сирдарё вилоятига инсонпарварлик ёрдами йўлга чиқди. Табиий офатдан жабрланганларга 15 тонна ун, 1 тонна ёғ, 500 кг шакар, 500 кг гуруч, 500 кг макарон, 1500 тонна тушенка (димланган консерва гўшт маҳсулотлари), 1500 кг болалар пюреси (каша), 750 кг қандолат маҳсулотлари юборилди.
Бундан ташқари, Бухоро вилоят ҳокимлиги томонидан Сирдарёда сув тошқинидан зарар кўрганларга 20 тонна ун, 10 тонна ўсимлик ёғи, 10 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари ва 300 та кўрпа-тўшак жамланмасидан иборат инсонпарварлик ёрдами юборилди.
Шунингдек, Самарқанд вилояти аҳолисидан ҳам Сирдарё вилояти Сардоба туманига дастлабки инсонпарварлик ёрдами юборилди.
Шу билан бирга, Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан Сирдарё вилоятига 5 тонна ун, 500 кг ёғ, 600 кг гўшт, 3 тонна картошка, 2 тонна гуруч ва 2 тонна макарон бўлган озиқ-овқат маҳсулотлар тўплами ҳамда 35 мингта тиббий ниқоб, 10 минг дона бир марталик идишлар, 145 мингдан зиёд кийим-кечак маҳсулотлари юборилди.
Республиканинг бошқа вилоятларидан ҳам сув тошқинидан зарар кўрган сирдарёликларга инсонпарварлик ёрдами юборилиши давом этмоқда.