Дунцова Россияда “хорижий агент” сифатида тан олинди
Олам
−
01 Июнь
7737Россияда журналист ва сиёсатчи Екатерина Дунцова "хорижий агент" сифатида тан олинди. Бу ҳақда кеча, 31 май куни Россия Адлия вазирлиги хабар берди.
Вазирлик “хорижий агентлар” реестрини янгилади. Унга Дунцовадан ташқари ҳуқуқ ҳимоячиси Марина Литвинович, урушга сафарбар қилинганларнинг рафиқаларининг "Уйга йўл" ҳаракати ва унинг етакчиларидан бири Мария Андреева кирди. Бундан ташқари, "Сота" ва "Республика" нашрлари, шунингдек, "Сота" фотографи Павел Иванов "хорижий агентлар" рўйхатига қўшилди.
Вазирлик уларни реестрга киритишга "Россия Федерацияси, шунингдек, Россия Федерацияси Қуролли кучлари ҳақида салбий имиж яратишга қаратилган ёлғон маълумотларни тарқатганликлари" билан асослади.
Екатерина Дунцова "хорижий агентларни" рўйхатга киритиш қарорига рози эмаслигини ва унга эътироз билдиришини айтди.
“Бу менинг шахсан сайловларда иштирок этишимга тўсқинлик қилиш ва “Тонг” партиямиздан номзодларга ёрдам бериш учун қилинган”, деб ёзди сиёсатчи ўзининг Telegram-каналида.
Дунцова Россия Федерацияси Адлия вазирлиги раҳбарининг "хорижий агент" мақомига қарши чиқишга уринганларнинг ҳеч бири "Россия манфаатларига хизмат қилмаслигини" айтганини эслади.
"Шундай экан, мен Россия тарафдориман ва чет элларнинг бизнинг ишларимизга аралашувига қарши эканлигимни эълон қиламан", дейди у.
Дунцованинг сўзларига кўра, уни реестрга киритиш “Тонг” партияси қурилишига тўсқинлик қилмайди ва унинг аъзоларига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.
Маълумот учун, ўтган йилнинг декабрь ойида Екатерина Дунцова президентликка ўз номзодини эълон қилган. Ўшанда у Украинада жанговар ҳаракатлар тўхтатилиши, демократик ислоҳотлар ва сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши тарафдори эканини билдирган. Бироқ Россия Марказий сайлов комиссияси ҳужжатларида хатолар аниқлангани важи билан унга номзод бўлишга рухсат бермади. Шундан сўнг Дунцова МСК устидан судга мурожаат қилди. Бироқ Россия Федерацияси Олий суди ҳам ржевлик журналист Екатерина Дунцованинг даъвосини рад этди.
LiveБарчаси