Дунёнинг 33 давлатидаги болаларда номаълум ўткир гепатит аниқланди

Олам 4095
image
-

Жорий йил апрель ойи бошидан буён дунёнинг 33 мамлакатидаги болаларда келиб чиқиши номаълум гепатитнинг 650 та эҳтимолий ҳолати аниқланди. Бу ҳақда кеча, 27 май куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бу хавфни глобал миқёсда ўртача деб баҳолайди.

“2022 йилнинг 5 апрелидан 26 майига қадар ЖССТнинг бешта минтақасидаги 33 та давлатдан болаларда номаълум этиологияли ўткир гепатитнинг 650 та эҳтимолий ҳолатлари аниқлангани ҳақида хабарлар келди. Ушбу оғир ўткир гепатитнинг этиологияси номаълумлигича қолмоқда ва суриштирилмоқда”, дейилади ташкилот хабарида. 

ЖССТ маълумотларига кўра, камида 38 бемор трансплантацияга муҳтож, 9 бола вафот этган.

Европа минтақасида келиб чиқиши номаълум бўлган гепатитнинг 374 та ҳолати қайд этилган, уларнинг 34 фоизи Буюк Британияда. Болаларда гепатитнинг эҳтимолий ҳолатлари Америка (240), Ғарбий Тинч океани (34), Жануби-Шарқий Осиё (14) ва Шарқий Ўрта ер денгизи (5) мамлакатларида ҳам қайд этилган.

Ташкилотда таъкидланишича, ҳолатларнинг тўртдан уч қисми (75,4 фоизи) 5 ёшгача бўлган болаларга тўғри келади. Шунингдек, коронавирусга қарши эмланганлик тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилган 63 та ҳолатдан 53 тасида (84,1 фоиз) болалар эмланмаганлиги хабар қилинган.

Аниқлик киритилишича, лаборатория текширувлари беморларда гепатит А-Е вирусини истисно қилган.

“SARS-CoV-2 ва/ёки аденовирус бир қатор ҳолларда аниқланган, гарчи ЖССТга тақдим этилган маълумотлар тўлиқ бўлмаса-да. Сўнгги пайтларда Бирлашган Қиролликда SARS-CoV-2 билан бирга айланиб юрадиган аденовирус фаоллигининг ўсиши кузатилмоқда”, дея қўшимча қилган ташкилот.

ЖССТ глобал миқёсдаги хавфни ўртача деб баҳоламоқда, шу билан бирга инфекциялар тўғрисидаги маълумотларнинг миқдори чекланганлигини ва эпидемиологик назоратнинг етарли эмаслиги сабабли ҳолатларнинг ҳақиқий сони кам кўрсатилаётган бўлиши мумкин.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 116
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×