Дунёни янги тақчиллик хавфи кутмоқда – Эрдўғандан жиддий огоҳлантириш

Олам 11927
image

Ғалла, кунгабоқар ёғи ва маккажўхори танқислиги билан бир қаторда жаҳон ҳамжамияти гуруч тақчиллигига дуч келиши мумкин. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 16 норябрь куни Индонезиянинг Бали оролида бўлиб ўтган G20 саммитининг Озиқ-овқат ва энергия хавфсизлиги бўйича сессиясида айтиб ўтди. 

Туркия Президенти жаҳон ўғит бозорини барқарорлаштиришга чақирди. Акс ҳолда, келгуси йилда янада каттароқ озиқ-овқат инқирози дунёга таҳдид солиши мумкинлигини айтди.  

“Томонларнинг Қора денгиздаги коридор бўйлаб БМТ ва Туркия воситачилик саъй-ҳаракатлари билан яратилган конструктив позицияси туфайли бугунги кунга қадар 10 миллион тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди. Истанбул шартномалари урушга қарамай келишув мавжудлигини исботлади. Бу механизм самарадорлигини давом эттириш учун тўсиқлар яратувчи омилларни енгиллаштириш муҳим аҳамиятга эга”, дейди Президент. 

Туркия раҳбари ўтган йили жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръати, қийинчиликларга қарамай, 6 фоизни ташкил этган бўлса-да, жаҳон даражасида юқори инфляция кузатилаётгани, бу талабнинг ортиши, етказиб бериш занжирларининг узилиши ва хомашё нархларининг ошиши билан боғлиқлигини таъкидлади. 

У Россия-Украина урушининг хомашё таннархига ҳам оғир бўлган, озиқ-овқат ва энергетика соҳаларида муаммоларга олиб келган салбий оқибатларига эътибор қаратди. 

Эрдўған озиқ-овқат хавфсизлиги мавзуси Туркия томонидан 2015 йилда G20 раислиги даврида кўтарилганини эслатди.  

“Ўша даврда Анталияда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ҳаракат режаси келишиб олинди. Ўтганетти йил Туркия кўтарган масалалар муҳимлигини тасдиқлади”, дейди Президент Эрдўған. 

Туркия нафақат озиқ-овқат инқирозини енгишда, балки энергия маркази сифатида ҳам яқин атрофдаги минтақалар, жумладан, Европа хавфсизлигига ҳисса қўшаётганини таъкидлади. 

Сиёсатчи, шунингдек, Анқаранинг БМТ Хавфсизлик Кенгаши тузилмасини ислоҳ қилиш, жаҳон ва минтақавий муаммоларни муҳокама қилишда Африка давлатларининг кўпроқ вакиллигини таъминлаш ҳақидаги чақириқларини эслади. 

Эрдўған Африка мамлакатлари бугунги қурғоқчилик фонида жиддий озиқ-овқат танқислиги таҳдидига дуч келганини таъкидлади. Шу муносабат билан экспорт қилинадиган ғаллани муҳтож ривожланмаган мамлакатлар бозорларига, биринчи навбатда, Африкага етказиб бериш бўйича шошилинч чоралар кўришга чақирди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 206
Рейтинг: 2.9
t
×