Дунёдаги руҳий касаллар сони очиқланди

Олам

image

Бугунги кунда бутун дунёда 1 миллиарддан ортиқ одам руҳий саломатлик бузилиши билан яшамоқда. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳисоботида келтирилган.

ЖССТ ҳисоб-китобига кўра, 2021 йилда 15 ёшдан ошган 400 миллион киши спиртли ичимлик истеъмоли билан боғлиқ бузилишлардан азият чеккан, 2022 йилда эса 64 миллиондан ортиқ одам гиёҳванд моддалар истеъмоли оқибатида руҳий бузилишларга йўлиққан. 2021 йилда қарийб 57 миллион одам деменция, 24 миллиондан ортиғи эса эпилепсия касаллигидан азият чеккан.

ЖССТнинг қайд этишича, энг кўп тарқалган руҳий касаллик турлари хавотир ва тушкунлик ҳисобланади. Улар 2021 йилда барча психик бузилишларнинг учдан икки қисмини ташкил қилган. Энг кўп ҳолларда бу касалликлар 20-29 ёш оралиғидаги одамларда учрайди. Ҳисоботга кўра, 2011 йилдан 2021 йилгача руҳий касалликларга чалинган одамлар сони дунё аҳолиси сонидан тезроқ ўсган.

ЖССТ, шунингдек, ўз жонига қасд қилишни ёшлар орасида ўлимнинг асосий сабаби деб ҳисобламоқда. 2021 йилда 727 минг киши ўз жонига қасд қилган. ЖССТнинг ҳисоб-китобича, мавжуд чораларга қарамай, 2030 йилгача ўз жонига қасд қилиш оқибатидаги ўлим даражаси ҳозирги суръатда фақат 12 фоизга камаяди.

Ташкилот ҳисобича, руҳий бузилишларнинг кенг тарқалиши туфайли ҳар йили 12 миллиард иш куни йўқотилади, бу эса жаҳон иқтисодиётига йилига қарийб 1 триллион доллар зарар етказади. Шу билан бирга, тушкунликдан азият чекаётганларнинг атиги 9 фоизи сифатли даволанмоқда, психозга чалинганларнинг эса 71 фоизи умуман тиббий ёрдам олмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сеулдаги Кенхи университетининг Тиббиёт коллежи олимлари 1990 йилдан 2021 йилгача 102 та мамлакатда ўз жонига қасд қилиш даражасини ўрганиб, дунё бўйича ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари қарийб 30 фоизга камайгани ҳақида хабар берганди.


Мақола муаллифи

Теглар

руҳий саломатлик руҳий касаллик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг