Дунёда мажбурий кўчирилганлар сони 83 миллиондан ошди
Бу қизиқ
−
13 Май
2233Қуролли можаролар, табиий офатлар ва иқлим ўзгаришининг кучайиб бораётган оқибатлари туфайли дунёда ўз юртининг ичида ноилож кўчишга мажбур бўлганлар сони рекорд даражага етиб, 83,4 миллион кишига етди. Бу ҳақда бугун, 13 май куни Норвегия Қочқинлар кенгаши (NRC) ва унга қарашли Ички кўчиришларни мониторинг қилиш маркази (IDMC) томонидан Женевада эълон қилинган ҳисоботда сўз боради.
Қайд этилишича, сўнгги 6 йилда ички кўчирилганлар сони икки баравардан кўпроққа ошган: 2018 йилда бу кўрсаткич 40,6 миллионни ташкил этган бўлса, 2020 йилда 54,1 миллион, 2022 йилда эса 69,8 миллион кишига етган. 2024 йилда бутун дунёда 83,4 миллион киши ўз яшаш жойини тарк этиб, мамлакат ичида бошқа ҳудудларга кўчишга мажбур бўлган.
Ҳисоботда таъкидланишича, 2023 йилда ички кўчишга мажбур бўлганларнинг 90 фоизи (яъни қарийб 73,5 миллион киши) қуролли тўқнашувлар ва зўравонликлар оқибатида яшаш жойидан кўчган. Бу 2018 йилдагига нисбатан 80 фоиз кўп.
Фақатгина фуқаролар уруши давом этаётган Суданнинг ўзида 11,6 миллион кўчирилган шахс бор – бу дунёдаги энг юқори кўрсаткич. Сурия бўйича бу рақам 7,4 миллионни, Колумбияда 7,3 миллионни, Конго Демократик Республикасида 6,2 миллионни, Яманда эса 4,8 миллионни ташкил қилган.
Табиий офатлар сабабли мамлакат ичида кўчишга мажбур бўлганлар сони қарийб 10 миллион кишини ташкил этди. Энг кўп зарарланган давлатлар: Афғонистон (1,3 миллион), Чад (1,2 миллион), Филиппин (1 миллион), Эфиопия (757 минг) ва Сомали (733 минг). Мутахассислар ушбу тоифадаги ички кўчишларнинг 99,5 фоизи иқлим ўзгаришидан келиб чиққан табиий офатлар билан боғлиқ эканини таъкидламоқда.
IDMC раҳбари Александра Билак ҳисобот тақдимотида “можаролар, қашшоқлик ва иқлим ўзгариши энг заиф қатламларга энг кучли зарба бераётганини” қайд этган. Унинг сўзларига кўра, одамларнинг кўчишига сабаб бўлувчи омиллар кўпинча бир-бирига чамбарчас боғланган бўлиб, бу ҳолат инқирозларни янада чуқурлаштириб, ички кўчирилган шахслар муаммосини оғирлаштиради.
Норвегия Қочқинлар кенгаши раҳбари Ян Эгеланн эса янги кўрсаткичларни “глобал бирдамлик учун уйғотувчи чақириқ” деб атади.
“Ҳар гал гуманитар ёрдам учун ажратиладиган маблағлар қисқарганда, навбатдаги кўчкинчи инсон овқат, дори-дармон, хавфсизлик ва умиддан маҳрум бўлади”, деди у.
LiveБарчаси
Доллар курси яна ошди.
15 Июль
Москва яна сув остида қолди.
15 Июль