Дунёни ларзага солган йўқотиш. Елизавета ортидан Байдендан тортиб, Путингача “кўз ёш тўкмоқда”
Таҳлил
−
09 Сентябрь 2022
21548Буюк Британия қироличаси Елизавета II 2022 йил 8 сентябрда 96 ёшида Шотландиядаги Балморал қасрида вафот этди. Бу шунчаки бир монархнинг вафотигина эмас, балки бир даврнинг ҳам тугашини англатади. Негаки, Елизавета II дунёдаги энг узоқ вақт тахтда ўтирган монарх ҳисобланарди.
Дунё етакчилари Елизавета II нинг вафоти муносабати билан Британиянинг янги Қироли Чарльз III ва мамлакат халқига ҳамдардлик билдирмоқда. 70 йил тож соҳибаси бўлган қиролича ҳақида дунё етакчилари нима деяпти?
АҚШ Президенти Жо Байден ва биринчи хоним Жилл Байден
“Қиролича Елизавета II даврни белгилаб берди. Доимий ўзгариб турадиган дунёда у британияликларнинг авлодлари, шу жумладан, ўз мамлакатини усиз билмаган кўпчилик учун доимо иштирок этиб, тасалли ва ғурур манбаи бўлиб келган. Қиролича Елизавета II га бўлган доимий ҳайрат Ҳамдўстлик аъзоларини бирлаштирди. Унинг етмиш йиллик тарихий ҳукмронлиги мисли кўрилмаган инсоният тараққиёти ва инсон қадр-қимматини юксалтириш даврига гувоҳ бўлди”, дейилади АҚШ Президентининг таъзияномасида.
Россия Президенти Владимир Путин
“Бирлашган Қиролликнинг яқин тарихидаги энг муҳим воқеалар Зоти Олиялари номи билан узвий боғлиқ. Ўнлаб йиллар давомида Елизавета II ҳақли равишда ўз фуқароларининг севгиси ва ҳурматидан, шунингдек, жаҳон саҳнасидаги обрў-эътибордан баҳраманд бўлди. Ушбу оғир йўқотиш қаршисида сизга жасорат ва матонат тилайман. Қироллик оиласи аъзолари ва бутун Буюк Британия халқига самимий ҳамдардлик ва қўллаб-қувватлаш сўзларини етказишингизни сўрайман”, дейилади Россия Президентининг Британия Қироли Чарльз III га йўллаган телеграммасида.
Франция Президенти Эммануэль Макрон
“Қиролича Елизавета II 70 йилдан ортиқ вақт давомида Британия миллатининг давомийлиги ва бирлигини ўзида мужассам этган. Мен уни Франциянинг дўсти, ўз мамлакати ва асрида унутилмас таассурот қолдирган меҳрибон қиролича сифатида эслайман”, дейди Макрон ҳамдардлик билдирар экан.
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин
“Унинг кетиши Британия халқи учун катта йўқотишдир. Хитой қирол Чарльз III билан икки давлат ва уларнинг халқлари манфаати йўлида икки томонлама муносабатларнинг соғлом ва барқарор ривожланишига кўмаклашиш учун ишлашга тайёр”, дейди Хитой етакчиси ҳамдардлик билдириб.
Рим Папаси Франциск
“Мен барча қайғудагиларга қўшиламан ва Қиролича учун ибодат қиламан, унинг ватан ва ҳамдўстлик манфаати йўлида тинимсиз хизмат қилган ҳаёти, бурчга садоқат намунаси учун ҳурмат бажо келтираман. Мен Самовий Отадан унинг олижаноб руҳини қабул қилиб, абадий тин олишини сўрайман. Жаноби Олийларини ибодатларим билан ишонтириб айтаманки, сиз шоҳлик бурчларингизни ўз зиммангизга олганингизда Қодир Тангри сизни қўллаб-қувватлайди”, дейилади Папанинг хатида.
Украина Президенти Владимир Зеленский
“Биз Қиролича Елизавета II нинг вафоти ҳақида чуқур қайғу билан хабар топдик. Халқ номидан бутун қироллик оиласи, Бирлашган Қироллик ва Ҳамдўстликка ушбу тузатиб бўлмайдиган йўқотиш муносабати билан самимий ҳамдардлик билдирамиз. Бизнинг фикрларимиз ва ибодатларимиз сиз билан”, дейилади Зеленскийнинг Тwitter'ида.
Германия канцлери Олаф Шольц
"У миллионлаб одамлар, шу жумладан Германияда ҳам намуна ва илҳом манбаи эди. Ҳамма Елизавета II ни соғинади, унинг ажойиб ҳазилларини ҳам”, дейди Германия канцлери Олаф Шольц Twitter'ида.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған
“Бугун мен Қиролича Елизавета II вафот этгани ҳақида эшитганимдан қайғудаман. Қироллик оиласига, Буюк Британия халқи ва ҳукуматига чуқур ҳамдардлик билдираман”, деб ёзган у Twitter'даги саҳифасида.
Бразилия Президенти Жаир Болсонаро
"Баъзида абадият бизни севганларимизни олиб қўйиб ҳайратда қолдиради. Аммо бугун абадийликнинг ўзи Буюк Британия қироличасининг улуғвор келишидан ҳайратда қолди. Елизавета II раҳбарлик, камтарлик ва ватанга муҳаббат намунаси бўлган ажойиб аёл эди. У охирзамонгача бизни ва бутун дунёни илҳомлантиришда давом этади”, дейди Болсонаро.
АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп
“Мелания ва мен Қиролича билан ўтказган вақтимизни доимо қадрлаймиз ва Қироличанинг саховатли дўстлиги, буюк донолиги ва ажойиб хазилкашлигини ҳеч қачон унутмаймиз. У қандай олижаноб ва гўзал хоним эди – унга ўхшаш ҳеч ким йўқ эди!”, дейди Трамп ижтимоий тармоқларда.
Буюк Британия Бош вазири Лиз Трасс
“Буюк Британия у туфайли бугунги кунда буюк давлатдир. Ҳозир биз замонавий, фаровон, жадал ривожланаётган давлатмиз. Қиролича Елизавета II ҳар қандай қийинчиликка қарамай, бизга керакли барқарорлик ва кучни берди. 70 йил давомида шундай ҳурмат ва нафосат билан ҳукмронлик қилиш ажойиб ютуқдир”, дейди Бош вазир.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 9 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Қироли Чарльз учинчига унинг онаси Қиролича Елизавета Иккинчи оламдан ўтгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси