Дунё Украина можаросидан чарчади – Лула да Силва
Олам
−
19 Июль 2023
10144Дунё Украина можаросидан чарчади, шу сабабли энди тинчликка эришадиган пайт келди. Бу ҳақда Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силва Бельгия пойтахти Брюсселда жорий йилнинг 17-18 июль кунлари бўлиб ўтган икки кунлик Европа Иттифоқи-CELAC (Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси мамлакатлари ҳамжамияти) саммитидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида гапирди.
“Дунё чарчашни бошлади. Мамлакатлар чарчай бошлади. Шунинг учун, тинчликка эришадиган пайт келди. Ва энди Россия ва Украина билан мулоқот қила оладиган давлатлар гуруҳи ҳам пайдо бўлиши керак”, дейди Бразилия раҳбари.
Европа Иттифоқи Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси мамлакатлари етакчилари билан ўтказилган икки кунлик саммит давомида асосий мақсад – Украинага қилинган босқин юзасидан аниқ хулосани қабул қилиш ёки Россияни бунинг учун қоралашни уддалай олмади. Бунда Никарагуа раҳбари Россияни қораловчи ҳужжатни имзолашдан бош тортган бўлса, Бразилия Президенти Лула да Силва Москвани можаронинг асосий айбдори сифатида кўрсатишдан қочган ҳамда Зеленский ва Байденни Путин билан кўпроқ музокара ўтказа олмаганликда айблаган.
Лула да Силва, шунингдек, Лотин Америкаси раҳбарларини Россияни Украинага қилган босқини учун қоралаш, унинг халқаро қонунларни бузганини янада кўпроқ муҳокама қилишга ундаган Чили Президенти Габриэль Борични тажрибасизлик ва ғўрликда айблаган.
“Эҳтимол, бу каби учрашувларда қатнашишга одатланмаслик ёш одамни янада иштиёқли ва шошқалоқроқ қилиб қўяди... Тушунишимиз керакки, ҳамма ҳам фикримизга қўшилавермайди, ҳамма ҳам бирдек шошилаётгани йўқ, барчанинг бирор масаладаги нуқтаи назари бир хил эмас”, дейди Бразилия етакчиси.
У, шунингдек, Борич Европа Иттифоқи-Лотин Америкаси саммитида биринчи марта қатнашаётгани учун бошқаларга қараганда кўпроқ асабийлашган бўлиши мумкинлигини шаъма қилган.
Расмийларга кўра, Луланинг Россияга нисбатан қатъий позицияга рози бўлмагани Европа Иттифоқи вакилларининг ҳафсаласини пир қилган, Россияга қарши позицияга рози бўлмайдиган давлатлар – Венесуэла ва Кубани эса кучайтирган.
Маълумот учун, Бразилия Россиянинг Украинадаги урушига нисбатан жуда эҳтиёткор сиёсат юритиб келмоқда. Масалан, Луис Инасиу Лула да Силва Германия канцлери Олаф Шольц жорий йилнинг январь ойида Лотин Америкасига ташриф буюрганида унинг Украинага қурол етказиб бериш ҳақидаги илтимосини рад этганди. Бразилия Ташқи ишлар вазири Мауро Виейра эса россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан апрель ойида учрашиб, Россияга киритилган иқтисодий санкциялар можарога алоқадор бўлмаган давлатларга йўқ жойдан зарар етказаётганини айтган. Бразилия, шунингдек, Россияга қарши санкцияларга ҳам қўшилмаган.
LiveБарчаси