Дунё смартфон бозорида Samsung Huawei'дан яна олдинга чиқиб олди
Технология 01 Октябрь 2020 10:32
4975
Жанубий Кореянинг Samsung Electronics корпорацияси смартфонлар сотиш бўйича жорий йилнинг августида ўзининг тўғридан-тўғри рақобатчиси бўлган Хитойнинг Huawei фирмасидан ўзиб кетди. У дунёдаги энг кўп смартфон етказиб берувчи корпорация бўлди.
Апрель ойида Ҳиндистонда қаттиқ карантин жорий этилгани сабабли Samsung смартфонларининг сотилиши сезиларли даражада камайган. Шунда Жанубий Корея маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги улуши 20 фоизни ташкил этган. Ўша пайтда Huawei'нинг бозордаги улуши 21 фоизни, Apple'ники 12 фоизни, Xiaomi'ники эса 8 фоизни ташкил этган.
Бироқ, Ҳиндистондаги эпидемик вазият ва иқтисодий фаолликнинг барқарорлашуви фонида компания ўз ҳолатини яхшилашга муваффақ бўлган.
Huawei'нинг асосий бозори бўлган Хитойда пандемияга қарши чоралар кўрилгани сабабли комапания смартфонлари савдоси тушиб кетган. Бу ҳам ўз навбатида Samsung фойдасига хизмат қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг иккинчи чораги охирида дунё смартфон бозорининг етакчилари Samsung ва Apple ўз ўрнини хитойлик рақобатчиси - Huawei'га бўшатиб берганди.