Дунё иқтисодига турғунлик хавф солаётганда нефть арзонлашяпти

Олам 5601
image

Нефть нархи бугун, 7 сентябрдаги савдолар чоғида савдогарларнинг глобал иқтисодий ўсиш суръатининг секинлашуви шароитида энергия ресурсларига бўлган талаб истиқболлари билан боғлиқ хавотирлари ортиб бораётгани фонида қарийб 3 фоизга арзонлашди. Бугунги сессия давомида Brent февраль ойидан бери биринчи марта бир баррель учун 89 доллардан пастга тушди.

“АҚШнинг юқори фоиз ставкалари ва кучлироқ доллар, шунингдек, глобал иқтисодий ўсишнинг секинлашиши ҳақидаги тахминлар нефть бозорига босим ўтказишда давом этмоқда”, дейди BOK Financial Corporation таҳлилчиси Деннис Кисслер.

Хитойда 7 сентябрь куни эълон қилинган статистик маълумотларга кўра, мамлакат август ойида нефт ьимпортини ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 9,4 фоизга қисқартирган.

Лондоннинг ICE Futures биржасида Brent маркали нефтнинг ноябрь фючерслари нархи Тошкент вақти билан соат 19:30 га келиб бир баррель учун 90,24 долларни ташкил этди, бу аввалги сессиянинг ёпилиш нархидан 2,59 доллар (2,79 фоиз) паст. Аввалроқ сессияда нарх 3 февралдан бери биринчи марта бир баррель учун 89 доллардан пастга тушганди.

Нью-Йорк товар биржаси (NYMEX) даги савдолар чоғида октябрь ойига мўлжалланган WTI нефтининг фючерслари шу вақтга келиб 2,73 долларга (3,14 фоиз) пасайиб, бир баррель учун 84,15 долларни ташкил қилди. Шартнома нархлари январь ойидан бери энг паст даражада бўлиб, сессия давомида 83 доллардан пастга тушди.

Айни пайтда нефть нархи Украинадаги можаро ва Россияга нисбатан қаттиқ санкциялар қўлланаётган пайтда бозорда ўзгарувчанлик даврини бошдан кечирган февраль ойининг охиридагидан пастроқ.

Swissquote бош таҳлилчиси Айпек Озкардескаянинг фикрича, “пастга босим глобал рецессиядан қўрқувнинг кучайиши билан боғлиқ”.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 134
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×