Дунё бўйлаб неча одам бошпанасиз экани айтилди

Олам

image

Сайёрадаги ҳар саккизинчи аҳолидан бири норасмий аҳоли пунктларида яшайди ва 300 миллиондан ортиқ одам бошпанасиз. Бу ҳақда БМТ хабар берди.  

Унинг маълумотларига кўра, уй-жой масаласи фақат ривожланаётган мамлакатлар билан чекланмайди. Мисол учун, Америка Қўшма Штатлари каби бадавлат мамлакатларда кўплаб ёшлар муносиб уй-жой сотиб олишга қодир эмас.

Бутунжаҳон Ҳабитат куни ҳар йили октябрь ойининг биринчи душанбасида нишонланади. У ҳар бир инсоннинг муносиб уй-жойга бўлган ҳуқуқини, шунингдек, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларини ривожлантириш муҳимлигини дунёга эслатишга қаратилган.

2025 йилда бу кун “Инқироз учун шаҳар ечимлари” мавзусида ўтказилади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эътиборни мажбурий кўчирилиш муаммоларига кенг кўламли ечимларга қаратмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ушбу байрам муносабати билан ўз мактубида шундай ёзган:

“Можаролар, сиёсий беқарорлик ва иқлим фавқулодда вазиятлари 123 миллион одамни ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур қилди, уларнинг аксарияти аллақачон курашаётган шаҳар ва қишлоқларда хавфсизликни қидирмоқда”.

Унинг таъкидлашича, айнан шаҳарлар самарали ечимларни таклиф қилишга қодир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ бугунги кунда бутун дунёда қарийб 733 миллион киши очликдан азият чекаётганини хабар қилганди. Маълумотларга кўра, ҳар куни бир миллиарддан ортиқ порция яроқли озиқ-овқат ташлаб юборилмоқда. Бу миқдордаги овқат эса очликдан азият чекаётган барча одамларни кунига камида бир марта тўйинтиришга етади.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ бошпанасиз одамлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг