Зироат Мирзиёевадан тортиб, Мелания Трампгача: дунё биринчи хонимлари нима билан банд?
Олам
−
01 Июнь 2020
26150Дунё мамлакатлари раҳбарларининг рафиқалари. Улар шунчаки Президентнинг турмуш ўртоғи ёки мамлакатнинг биринчи хоними эмас, балки илм-фанда, жамоат ишларида, маданият ва санъат, спорт соҳаларида қатор ютуқларни қўлга киритган аёллар. Тарихдан маълум, ҳар қандай кучли саркарда ортида, ақлли, оқила аёллар бўлган. Хўш, бугунги давр сарбонларнинг аёллари нималар билан банд. Улар фақат киборлар даврасидами ёки оддий одамлар?
Биринчи хонимлар мамлакат ижтимоий ҳаётига катта таъсир ўтказа олиши мумкин. Уларнинг вазифаси аниқ белгиланмаган. Улар турли соҳаларда ўз ташаббусларини кўрсатиб аҳолининг кўнглидан жой олади. Қайсидир хоним фондлар фолиятига бошчилик қилса, яна бошқаси турли ташкилотларда раҳбар саналади. Қуйида сиз ана шундай Биринчи хонимлар билан танишасиз.
Меҳрибон Алиева – Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг рафиқаси, мамлакат вице-президенти. Ўзининг фаол жамоат фаолиятини 1995 йилда Озарбайжон Маданияти Фонди билан бошлади ва то шу кунгача бу Фондни бошқариб келади. 1996 йилда Озарбайжон маданиятини кенг тарғиб этувчи уч (озарбайжон, инглиз ва рус) тилда нашр этиладиган “Azerbaijan-Irs” журналини таъсис этган.
2002 йилда Меҳрибон Алиева Озарбайжон Гимнастика Федерацияси Президенти этиб сайланди ва ўзини моҳир ташкилотчи сифатида намоён қилди. Унинг халқаро ҳамжамиятдаги нуфузи Халқаро Гимнастика Федерациясининг бадиий гимнастика бўйича "А" босқичдаги Халқаро кубоги беллашувларини (2003) ва қатор Европа Чемпионатларини Озарбайжонда ўтишида муҳим роль ўйнади.
Шунингдек, Меҳрибон Алиева ёш авлодга Озарбайжон собиқ Президенти Ҳайдар Алиевнинг бой меросини ўргатиш, Ҳайдар Алиевнинг миллий давлатчилик ғояларини сингдириш мақсадида асос солинган Ҳайдар Алиев Фондининг президентидир. Озарбайжон Биринчи хоними UNESCO ва ISESCO ташкилотларининг эзгу ният элчиси ҳисобланади.
Брижит Мари-Клод Макрон Франция Президенти Эммануэль Макроннинг рафиқаси. Шундай бўлса-да у расмий биринчи хоним мақомига эга бўлиш учун кўп йўл босиб ўтган. Бунга сабаб Франция Ҳукумати ушбу лавозим учун ортиқча маблағ ишлатишни хоҳламаган. 275 мингдан ортиқ имзо тўплаган петициядан сўнг Франция Ҳукумати Брижит Макроннинг Биринчи хоним расмий лавозимига эга бўлмаслигини ва унга бюджетдан маблағ ажратилмаслигини эълон қилди.
Бироқ, 2017 йил 21 августда Эммануэль Макроннинг веб-сайтида давлат раҳбарининг рафиқаси мақоми тўғрисидаги “ошкоралик хартияси“ эълон қилинди. Шундан сўнг Брижит Макрон ойлик тўланмайдиган лавозимга эга бўлди.
Брижит Макрон мутахассислигига кўра, ўрта мактабда француз тили ўқитувчиси. У Эммануэль Макрон билан касби тўқнашув ортидан танишган.
Эмина Эрдўған – Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг рафиқаси. У Биринчи хонимлар орасида жуда кўп лойиҳаларга бошчилик қилгани билан ажралиб туради. Қуйида унинг ташкилотчилигида амалга оширилган ва давом этиб келаётган лойиҳа ва ташкилотларни келтириб ўтамиз.
“Кўнгилли элчилар” – бу Оила ва Ижтимоий сиёсат вазирлиги томонидан қўллаб қувватланадиган лойиҳа. Бу лойиҳа кўнгиллилар ҳақида хабардор қилиб Ижтимоий ҳаётда инсон ресурсларига бўлган талабни қондиради. Лойиҳада “Оилани ҳимоя қилиш хизмати” ва “Аёллар учун касбий тайёргарлик” каби кичик бўлимлар мавжуд.
“Келинг, қизлар, мактабга борайлик” лойиҳаси мақсади мамлакатдаги барча қизларни таълим олишига имконият яратиш ҳисобланади.
“Унумдор ўрмонлар” лойиҳаси Туркияда ҳар йили кесилаётган дарахтлар ўрнини тўлдириш билан шуғулланади. Лойиҳа доирасида 2015 йил 21 март куни 100 минг кўчат ўтказилган.
Шунингдек, Эмина Эрдўған “Она ва қизларимиз мактабда саводхонлик компанияси“, “7 ёш жуда кеч”, “Келажагим ҳимоячисиман”, “Африка қўл санъатлари бозори ва маданият уйи”, “Чиқиндидан ҳоли” лойиҳа ва компаниялари ташкилотчиси.
Елена Зеленский – Украина Республикаси Президенти Владимир Зеленский рафиқаси. У сиёсатга унчалик аралашмайди. Зеленскийнинг айтишича, Елена уни сиёсатчи бўлишига қарши бўлган. Ҳозирда Елена Украина Маданият вазирлигига тегишли “Санъат арсенали” лойиҳа кенгаши аъзоси.
Шунингдек, Елена Зеленский бир қанча корхоналар акционери ҳисобланади. Жумладан, “Студия Квартал-95“ МЧЖ, “Zelary Fish” МЧЖ, “АAldorante Limited” (Кипр), “Film Heritage Inc” (Белиз) ва “San Tommaso S.G.K.” (Италия) компанияларининг акционерларидан биридир.
Пэн Лиюань – Хитой раҳбари Си Цзиньпиннинг рафиқаси. У Хитой биринчи хоними сифатида доим турмуш ўртоғига сиёсатда ёрдам беради. Расмий сафарлар давомида унга ҳамроҳлик қилади. Маълум қилинишича, Пэн Лиюань инглиз тилини мукаммал билади.
Пэн Лиюань ажойиб қўшиқчи саналади. У мамлакат миқёсидаги қўшиқ танловларида кўплаб мукофотларга сазовор бўлган. Унинг энг машҳур қўшиқлари "Бизнинг қишлоқ одамлари", "Жомолунгма", "Умид текислигида" деб номланган. Шунингдек, Хитой биринчи хоними генерал-маёр ҳарбий унвонига эга.
Ким Жонг Сук – Корея Республикаси биринчи хоними. Ушбу хоним мамлакатда феъл-атвори туфайли “Қувноқ хоним“ деб аталади. У ҳам Хитой биринчи хонимига ўхшаб қўшиқчи саналади. У опера санъати мухлиси ва шу йўналишда таҳсил олган.
Ким Жонг Сук Кёнхи университетида вокал мусиқаси бўйича бакалавр дипломини олган. Биринчи хоним ушбу университетда турмуш ўртоғи Мун Чже Ин билан танишган. Уларнинг муносабатлари собиқ мамлакат раҳбари Парк Жунг Хига қарши норозилик намойишлари пайтида кўздан ёш оқизувчи газ туфайли Мун Чже Ин хотирасини йўқотгандан кейин ривожлана бошлаган.
Ким Жонг Сук ва Мун Чже Инга 1981 йилда турмушга чиққан. Эътиборли жиҳати, Ким Жонг Су бўлажак мамлакат Президентига турмуш қуришни ўзи таклиф қилган. Бу ҳолат худди Ўзбекистондаги каби Кореяда ҳам ноодатий ҳол ҳисобланади.
Ким Жонг Сук 2017 йил 10 майда эрининг Президент сифатида инаугурацияси пайтида Корея Республикасининг Биринчи хонимига айланди. Ҳозирда у операдан дарс беради.
Зироат Мирзиёева – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг рафиқаси. Мутахассислиги бўйича муҳандис-иқтисодчи. У уч фарзанднинг онаси, беш набиранинг бувиси. Зироат Мирзиёева Шавкат Мирзиёевга хорижий сафарлар ва хорижий мамлакатлар раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида турмуш ўртоғига ҳамроҳлик қилади. Яқинда Зироат Мирзиёева раислигида “Zamin” халқаро жамоат фондига асос солинди.
Фонднинг мақсади — мамлакатнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшиш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш.
Зироат Мирзиёева раислигидаги “Zamin” фонди фаолиятини карантин сабаб қийин аҳволга тушиб қолган 5 минг аёлга беш миллиард сўм миқдорида ёрдам пулларини ажратишдан бошлади.
Оғулкерек Бердимуҳамедова – Туркманистон давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг рафиқаси Бу аёлни биринчи хоним деб аташ мумкин эмас. Уни ҳеч ким кўрмаган. Туркманистон Президенти барча расмий ташрифларни аёлисиз, ёлғиз ўзи амалга оширади.
Гурбангули Бердимуҳамедов анъанавий туркман оиласида ўсган. Яъни, ота-онаси вақти келганида, ўғлига келин топиб, Теке қабиласининг қонунларига биноан уни уйлантириб қўйган. Аёл оддий, камтарин, олий маълумотга эга эмас. У ижтимоий тадбирларда қатнашмайди.
“Биринчи хоним“нинг мамлакатнинг сиёсий ҳаётида иштирок этмаслигининг яна бир сабаби, эҳтимол, юзни ёпиш учун ҳам хизмат қиладиган туркманча бош кийим кийишидир. Оғулкерек гилам тўқиш бўйича катта маҳоратга эга. У собиқ мамлакат раҳбари Сапармурод Ниёзов портрети туширилган катта гилам тўқигани маълум.
Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг рафиқаси ҳам дунё ҳамжамияти кўзи олдида яширинган. У ҳақда расмий маълумот йўқ – газеталар ёзмайди, миш-мишлар жуда ишончсиз. Жаҳон оммавий ахборот воситалари республиканинг биринчи хонимини Азизмо Асадуллаева деб атайди.
Азизмо деярли ҳеч қачон эри билан сафарларда ҳамроҳ бўлмайди. У тўққиз фарзанднинг онаси: етти қиз ва икки ўғил. Унинг қизларидан бири Фируза Душанбе марказида дўконлар тармоғига эгалик қилади. Яна бири, Парвина тиббиёт университетида ўқийди ва шаҳар атрофида тан соқчилар билан юради. Кичик фарзандлар Тожикистон пойтахтидаги Президент лицейида таҳсил олишади.
Айгул Токоева (Жээнбекова) Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбековнинг рафиқаси, мамлакат Биринчи хоними. У жамоат тадбирларида камдан-кам учрайдиган меҳмон. Олти ой давомида жамоатчилик Сооронбай Жэнбековнинг рафиқасини атиги уч марта кўрди: Жэнбековнинг ўзи инаугурация маросимида, 2019 йил 28 декабрь куни “Президент арчаси” тадбирида ва Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанада. Сооронбай Жээнбеков Президент сифатида бир неча расмий ташрифларда турмуш ўртоғисиз кўринган.
Умуман олганда, Қирғизистон Президенти оиласини камроқ кўринишини афзал кўради. Касб-ҳунар бўйича мамлакат Биринчи хоними ким эканлиги ҳали ҳам маълум эмас. Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган кам маълумотларга кўра, у қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳасида кичик оилавий бизнес билан шуғулланади.
Айгул Жээнбекова кийинишда мусулмон услубига амал қилади. Бирон бир жойда унинг рўмолсиз сурати нашр этилмаган.
Рула Ғани Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғанинг рафиқаси. Рула 1974 йилда Байрутдаги Америка университетида сиёсий тадқиқотлар магистри даражасини олган ва у ерда бўлажак эри Ашраф Ғани билан учрашган. Рула Ғани 1983 йилда Нью-Йорк шаҳридаги Колумбия Университетида журналистика бўйича яна бир магистр унвонини олди. Ғани 2003 йилда Афғонистонга қайтиб келган.
Биринчи хоним Афғонистон, Ливан ва АҚШ фуқаролигига эга. Хабарларга кўра, у араб, инглиз, француз, пуштун ва дари тилларида сўзлашади.
Ашраф Ғани турмуш ўртоғини афғонча Биби Гул деб атайди. Президент Биби Гулни аёллар ҳуқуқини ҳимоячиси сифатида кўришини таъкидлаган. Тарихчи Али Оломийнинг таъкидлашича, Афғонистон қироличаси Сораядан кейин Рула Ғани мамлакатда аёллар ҳуқуқлари учун ҳақиқий ўзгаришларга олиб келиши мумкин бўлган аёл. Рула Биринчи хоним сифатида аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ишларида ҳозир ҳам фаол ҳаракат қилмоқда.
Иордания Қироличаси Рания ал-Абдулла – Абдулла II нинг турмуш ўртоғи. У ҳам аксар биринчи хонимлар каби давлат ишларида фаол. Рания хоним мамлакатда аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ва ижтимоий ёрдам бўйича бир қатор лойиҳалар ташкилотчиси.
2005 йил июль ойида Иордания Қироллиги Таълим вазирлиги билан ҳамкорликда “Қиролича Рания соврини“ мукофотини яратди. Бу ўқитувчиларни рағбатлантириш учун ҳар йилги мукофотдир.
Қиролича Рания Иорданиянинг биринчи болалар музейининг раиси ҳисобланади. У 2007 йил май ойида очилган бўлиб, болалар ва уларнинг оилалари учун умр бўйи таълим олишида рағбатлантиради. 2007 йилда Қиролича Рания беш йил ичида Иорданиянинг 500 та мактабини қайта қуриш дастурини бошлади. Қиролича, шунингдек, Қироллик Соғлиқни Сақлаш Жамиятининг раиси ҳисобланади.
Рания хоним 1995 йилда Иордан дарёси фондини яратди. Жамғарма, айниқса аёллар ва болаларга ҳаёт сифатини яхшилаш ва барча иорданияликлар учун яхши келажак яратиш учун ёрдам беради. У шунингдек, Иордан дарёсидаги болалар дастурини ҳам яратди. Ушбу дастур болаларнинг фаровонлигини сиёсат ва маданий табулардан устун қўйишни хоҳлайди.
2008 йил 30 мартда Қиролича Рания ўзининг YouTube каналини очди. У каналда томошабинларни Яқин Шарқ ҳақида ўз фикрларини билдиришга чорлайди. Уларда араблар ва мусулмонлар ҳақида мавжуд бўлган стереотиплар ҳақида суҳбатлар ўтказади.
Мўза бинт Носир ал-Миснид, Қатарнинг учинчи амири, сиёсий ва жамоат арбоби шайх Ҳамад бин Халифа ал-Танининг уч хотинидан иккинчиси. Мўза ал-Миснид бир қатор давлат ва халқаро фахрий лавозимга эга. Жумладан, Қатарнинг Таълим, фан ва ижтимоий ривожланиш жамғармаси раҳбари, Оила ишлари бўйича Олий кенгашнинг Президенти, Олий Кенгашнинг таълим бўйича вице-президенти ва ЮНEСКОнинг махсус вакили.
Мўза бинт Носир ал-Миснид ўзининг асосий мақсади Қатарни замонавий, илғор мамлакатга айлантириш. У Араб Демократик Жамғармасини яратди. Унда турмуш ўртоғи 10 миллион доллар миқдорида дастлабки тўловни амалга оширди. Ушбу фонднинг асосий мақсади эркин оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришдир.
Шунингдек, Мўза Қатарни янги Силикон водийсига айлантириш ғоясининг ташаббускори ҳисобланади. Шу мақсадда, 2008 йил охирида очилган Қатардаги фан ва технологиялар парки яратилди. Ушбу боғда 225 миллион сармоя жалб қилинди. Улар орасида Microsoft, Shell ва General Electric каби етакчи компаниялар ҳам бор. Бундан ташқари, у “Таълим шаҳри“ лойиҳасининг ташаббускори ҳисобланади.
Мелания Трамп – АҚШ Президенти Дональд Трампнинг рафиқаси, мамлакат Биринчи хоними. У Америкада туғилмаган АҚШ тарихидаги иккинчи ушбу лавозим эгаси. Унинг асли касби фотомодел ва дизайнер.
Биринчи хоним лавозимида у бошқа хонимларга ўхшаб мамлакат Ижтимоий ҳаётига ижобий таъсир ўтказишга ҳаракат қилди. 2018 йил 13 март куни Трамп хоним Amazon, Facebook, Google, Snap ва Twitterтехнология компаниялари раҳбарлари билан кибер тазйиқ ва интернет хавфсизлик муаммолар болаларга қандай таъсир қилишига алоҳида эътибор бериш мавзусида учрашув ўтказди.
Ҳозирда Трамп хоним “Be Best” лойиҳаси ташкилотчиси. Лойиҳа ёшлар учун фаровонликка қаратилган ва киберҳужум ҳамда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишдан ҳимоя қилиш дастури бўйича фаолият олиб боради.
LiveБарчаси