ДСҚ: Рекламадан пул топаётган блогерлар солиқ тўлаши керак

Жамият

image

Маълумки, бугунги кунда ижтимоий тармоқлар нафақат танишиш, янги дўстлар орттириш ва суҳбатлашиш майдони, балки яхшигина реклама бозорига айланиб қолган. Санъаткорлари, таниқли шахслар ва кўплаб кузатувчиларга эга бўлган саҳифалар маълум бир тадбиркорларнинг маҳсулоти ёки хизмат турини реклама қилиб бериши эвазига мўмайгина пул ишлаб олади. Ўзбекистонда эса бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ бунга ҳам солиқ солиш йўлга қўйилмоқчи. 

Бугун, 12 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси мутасаддилари иштирокида ўтган “Қўшимча қиймат солиғи ва бошқа янги солиқлар имплементацияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмуни ва моҳияти” мавзусида брифингда шу ҳақда сўз борди. 

Мулоқотда интернетдаги махсус саҳифалар ва Instagram, Telegram, Facebook каби ижтимоий тармоқларда реклама эълонларини жойлаштириш орқали даромад олиш ва бундан солиқ тўланиши шарт ёки шарт эмаслиги ҳақида савол берилди.

“Даромад олишга йўналтирилган ҳар қандай фаолият тури тадбиркорлик ҳисобланади. Қандай йўл билан даромад топишингизнинг аҳамияти йўқ. Давлат рўйхатидан ўтишингиз шарт. Агар сиз даромад топиш фаолияти билан шуғулланаётган бўлсангиз, ё якка тартибдаги тадбиркор сифатида ё юридик шахс сифатида албатта давлат рўйхатидан ўтган бўлишингиз керак”.

Брифингда блогерларнинг ижтимоий тармоқлардаги каналлар, персонал саҳифаларда реклама жойлаши ва шу йўл билан даромад орттиришига “ноқонуний фаолият” дея таъриф берилди.

“Тўғри, қонунда блогерлик деган тушунча йўқ. Блогерлик фаолият тури эмас, бунга қонунчиликда таъриф берилмаган. Лекин сиз кимдандир пул олиб, хизмат кўрсатаяпсиз-ку. Бу хизмат кўрсатиш эвазига ҳақ олиш ҳисобланади. Ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ҳолат сифатида қайд этилади. Қонунда блогерлик тушунчаси мавжуд бўлмаса-да, хизмат кўрсатиш деган тушунча бор”, дейди Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Айдос Қошанов.

Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Аҳмаджон Суюнов ижтимоий тармоқда реклама жойлаб пул топаётган блогерлар патент, яъни якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида гувоҳнома олиши кераклигини таъкидлади.

Агар ижтимоий тармоқларда реклама орқали даромад кўраётган шахс давлатга солиқ тўламаса, ундан техника воситаси (телефон, ноутбук, планшет, компьютер) олиб қўйилиши мумкинлиги айтилди.

“Агар кимда-ким ноқонуний равишда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бўлса, биз ундан тадбиркорликни қандай восита орқали амалга ошираётган бўлса, ўша воситасини, жиҳозини олиб қўйишга тўлақонли ҳаққимиз бор. Бу қонун доирасида кафолатланган. Олиб қўйилган жиҳоз 30 кунгача ушлаб турилиши мумкин. Агар ўша шахс ёки блогер 30 кун ичида ПФ-4848 сонли Президент Фармони асосида давлат рўйхатидан ўтса, олиб қўйилган жиҳозлари қайтариб берилади”, деди бошқарма бошлиғи Айдос Қошанов. 

Мулоқотда қайд этилишича, янги таҳрирдаги Солиқ кодексида электрон тижорат соҳасида солиқларнинг жорий этилиши кўзда тутилган. Яқин кунларда жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бундан буён ҳар қандай қонун ва қарорлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муаллифи халқ бўлиши кераклигини таъкидлаган эди. Бироқ, қабул қилинаётган қарор ва қонун лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани билан, фикр ва изоҳлар қанчалик инобатга олинмоқда. Инобатга олинган бўлса ўта юқори бўлган ҚҚСни одамларнинг ўзи ёқлаб чиққанига ишониш қийин. Қолаверса, Давлат солиқ қўмитаси ҚҚСни 20% этиб белгилашда, маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва сотувчи эмас, балки хизмат кўрсатувчи тадбиркорлар кўпроқ юк тушишини инобатга олмаган. Ўйлаб қарайдиган бўлсак, бор-йўғи 2 миллион сўмлик хизмат кўрсатаётган тадбиркор, ҚҚС эвазига унинг нархини 2 миллион 400 минг сўмга кўтаришига тўғри келяпти. Боиси, маҳсулотларники сингари, хизматнинг тан нархи деган тушунча йўқ. Икки ўртада эса яна нақдига ишлаш оммалашяпти. 

Блогерлар масаласига келадиган бўлсак, тўғри, пул топаётган ҳар қайси киши солиқларни ҳам тўлаб қўйиши, ундан бўйин товламаслиги керак. Аммо, нима учун солиқ тўлашга келгандагина қонунлар ишлаяпти? Нима учун бошқа мавжуд қонунларга ўзгартиш ва қўшимча киритилмаяпти, хусусан блогерларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимояловчи қонунлар ишлаб чиқилмаяпти? Кимдир пул топиб қолса, чўнтагига мўралашга устамиз. Аммо, у бу пулларни топгунича қандай тўсиқларга дуч келяпти, муаммоси нима дейдиганлар борми? Блогер топган даромадидан солиқ тўлаганидан кейин ўзига нисбатан давлат томонидан қандайдир ўзгаришни ҳам сезиши керакми ё йўқ? ДСҚ бироз бу ҳақда ҳам бош қотирса мақсадга мувофиқ бўларди. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

ҚҚС Давлат солиқ қўмитаси Солиқ

Баҳолаганлар

24

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг