ДСҚ раиси қочган саволга Artel’нинг ўзи жавоб берди

Жамият 42426
image

Хабарингиз бор, 2021 йил “Artel” корхоналар тизими, “Uzbekistan Airways” ва “Akfa” каби бир қатор компанияларга солиқ имтиёзи берилган. Бугун, 17 январь куни Давлат солиқ қўмитасига нима учун ушбу энг даромадли компанияларга солиқ имтиёзи берилгани ҳақида савол берганимизда, бу савол жавобсиз қолган эди. "Artel" компанияси Матбуот хизмати бу ҳолатга изоҳ берди. 

Қайд этилишича, “Artel” компанияси таркибига кирувчи корхоналарда ҳозирги кунда 10 мингдан зиёд ишчи-ходимлар фаолият юритади. Уларнинг 2021 йил учун йиллик даромади 386 млрддан ошган. 2020 йил учун компания тўлаган солиқ ва мажбурий тўловлар давлат бюджетига тушган жами солиқ тушумларининг 0,6 фоизини ташкил этган (103,6 трлндан 0,63 трлнсўм).  

Хабарга кўра, 2021 йилда давлат ва маҳаллий бюджетга 699 млрд сўмдан ортиқ солиқ ва божхона тўловлари амалга оширган. Компания 2020 йилда 80 миллион АҚШ доллари ва 2021 йилда 100 миллион АҚШ доллари миқдорида экспортни амалга оширган. 2022 йилдаги солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар натижасида "Artel" компанияси учун мол-мулк солиқ ҳисоблаш базаси 2.1 баробарга ортган.

“Электротехника соҳасини ривожлантириш учун Ўзелтехсаноат таркибига кирувчи ва электротехника саноатининг барча ишлаб чиқарувчилари муайян солиқ имтиёзларига эга. Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.03.2021-йилдаги ПҚ-5011-сонли Қарорида кўрсатилган имтиёзлардан "Artel" компанияси Ўзелтехсаноат таркибига кирувчи 100 дан ортиқ корхоналар билан тенг ҳуқуқда фойдаланади. Яъни Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида "Artel" компанияси учун махсус ёки алоҳида тартибда имтиёзлар берилмаган”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Давлат солиқ хизмати органларининг Бюджет тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ очиқ маълумотларда Солиқ имтиёзлари ва преференциялар берилган субъектлар, уларнинг якуний бенефициарлари ошкор қилинган. 2021 йилнинг 19 октябрида рўйхатга олинган ушбу узун рўйхат орасида "Artel" корхоналар тармоғини ҳам кўришимиз мумкин.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2265
Рейтинг: 2.9
t
×