Дрон ҳужумлари туфайли Россияда ёқилғи ишлаб чиқариш камаяди

Олам

image

Россияда нефтни қайта ишлаш заводларига Украина дронларининг ҳужумлари туфайли ҳафталик бензин ва дизель ишлаб чиқариш қисқаришда давом этмоқда. Бу ҳақда кеча, 27 март куни Росстат маълумотларига таяниб, “Новая газета Европа” хабар берди.

Нашр ҳисоб-китобларига кўра, 18-24 март кунлари Россия нефтни қайта ишлаш заводларида 754,6 минг тонна бензин ва 1,648 миллион тонна дизель ёқилғиси ишлаб чиқарилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан мос равишда 14,3 ва 7 фоизга камдир.

“Коммерсант” нашрининг ёзишича,  Россияда 13-19 март кунлари бензин ишлаб чиқариш олдинги ҳафтага нисбатан 3,9 фоизга, ишлаб чиқариш режасига нисбатан эса 5,2 фоизга камайган. Бунга Нижний Новгород, Рязан ва Сизран нефтни қайта ишлаш заводларига учувчисиз самолётлар ҳужуми сабаб бўлган. 

"Захиралар туфайли ички бозорга етказиб бериш бир хил даражада сақланиб қолди", деб ёзади газета.

Қайд этиш жоизки, март ойида Россия нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлар кучайди. Хусусан, 12 март куни Россиядаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводларидан бири – Нижний Новгород нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин содир бўлди, 13 март куни эса дронлар Рязан нефт заводи ва Ростов-Дону яқинидаги Новошахтинский нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди. 16 март куни дронлар Самара вилоятидаги иккита нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилган ва ҳужумлардан кейин иккала заводда ҳам ёнғин бошланган. 17 мартга ўтар кечаси Славянск-на-Кубан шаҳридаги Славянск нефтни қайта ишлаш заводига дронлар ҳужум қилишга уринган ва улардан бирининг қулаши оқибатида ёнғин чиққан.

"Новая газета Европа"нинг ҳисоб-китобларига кўра, март ойининг ўрталарига келиб, Украина Қуролли Кучлари томонидан қилинган ҳужумлар Россияда ишлаб чиқарилган автомобиль ёқилғисининг тахминан олтидан бир қисмига (16%) таъсир кўрсатган.

"Financial Times" эса Қўшма Штатлар Украинани Россия нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумларни тўхтатишга чақирганини ёзди.

Манбага кўра, бу чақириқ АҚШнинг нефтнинг жаҳон нархлари ошишидан қўрқуви, шунингдек, Россия Федерациясининг ғарбий қисмида жойлашган мамлакатнинг нефтни қайта ишлаш заводлари, терминаллари, омборлари ва нефт омборларига қилинган ҳужумларга муносабати билан боғлиқ.

Украинада нефтни қайта ишлаш заводлари ҳарбий нуқтаи назардан қонуний нишон сифатида тасвирланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Дрон ҳужумлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг