Доривор ўсимликлар кластери ташкил этилади – Президент қарори
Жамият
−
11 Апрель 2020
9516Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 2020 йил 1 майдан бошлаб доривор ўсимликларни етиштириш, сақлаш, бирламчи ёки чуқур қайта ишлаш кластерларини (кейинги ўринларда – доривор ўсимликлар кластери) ташкил этиш, шунингдек, ҳудудларни доривор ўсимликлар етиштириш бўйича ихтисослаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.
Доривор ўсимликларни етиштиришга ихтисослаштириладиган ҳудудлар рўйхати иловага мувофиқ тасдиқланди.
Белгилаб қўйилдики:
а) доривор ўсимликлар кластерига ер майдони Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва ташаббускорлар ўртасида тузиладиган битим асосида ажратилади;
б) хорижий инвесторлар иштирокида ташкил этиладиган доривор ўсимликлар кластерига ер майдони Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ўрмон фонди ерларида эса Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан тузиладиган инвестиция киритиш тўғрисидаги шартнома имзолангандан сўнг Вазирлар Маҳкамаси томонидан ажратилади.
Бунда, доривор ўсимликлар кластерларига ер майдони доривор ўсимликлар етиштиришга мос бўлган, юридик ва жисмоний шахсларга ажратилмаган ва қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан, захирадаги ерлардан, шунингдек, лалми ва ўрмон фонди ерларидан ажратилади;
в) доривор ўсимликлар кластерини ташкил этадиган ташаббускор томонидан тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (ўрмон фонди ерларида – Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси)га қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
доривор ўсимликлар кластерини ташкил этиш бўйича ариза;
доривор ўсимликлар кластери фаолиятини ташкил этишда доривор ўсимликларни етиштириш, муҳофаза қилиш, қайта ишлаш ва ресурс тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан бизнес-режа ёки техник-иқтисодий асоснома;
доривор ўсимликлар кластерининг фаолият юритиши учун зарур инфратузилма объектлари (фойдаланиш ҳуқуқи асосида), шунингдек, мол-мулк ва бошқа воситаларнинг мавжудлиги ҳақида маълумотнома.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ҳокимлари доривор ўсимликлар кластерларини ташкил этишда иқтисодий жиҳатдан барқарор фаолият юритаётган, зарур инфратузилма объектлари, шунингдек, мол-мулк ва бошқа воситаларга эга бўлган салоҳиятли юридик шахсларни танлаш ва шакллантиришга шахсан масъул ҳисобланади.