Донбассдаги вазият: Украинани яна икки гигант давлат қўллаб-қувватлади

Олам 18698
image

Франция ва Германия Донбассдаги вазиятнинг кескинлашувидан хавотирга тушди ва “Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини” қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ива Ле Дриан ва Германия Ташқи ишлар вазири Хайко Мааснинг қўшма баёнотида айтилган.

Қайд этилишича, Шарқий Украинада вазият 2020 йил июлидан бери барқарорлашганига қарамай, мамлакатлар сулҳ битимининг бузилиши кўпайганидан хавотирда.

“Биз вазиятни, хусусан Россия қўшинлари ҳаракатларини диққат билан кузатмоқдамиз ва томонларни тийилиш ҳамда кескинликни дарҳол пасайтиришга чақирамиз. Биз Украинанинг халқаро миқёсда тан олинган чегараларида суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашимизни тасдиқлайми”, дейилади ҳужжатда.

Вазирлар Минск келишувлари шартларининг тўлиқ бажарилишини излашда давом этаётганликлари ва давом этаётган музокараларни қўллаб-қувватлашларини таъкидлаган.

Маълумот учун, Донбассдаги ҳарбий можаро 2014 йилда, Донецк ва Луганск вилоятларининг бир қисми Киевдаги марказий ҳукумат алмашганидан сўнг ўз мустақиллигини эълон қилганидан кейин бошланди. Украина Россияни ушбу ҳудудларни босиб олганликда айбламоқда. Москва доимий равишда ушбу даъвони рад этиб келади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден Россиянинг Донбасс ва Қримда давом этаётган тажовузи шароитида АҚШ Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимий равишда қўллаб-қувватлашини тасдиқлаганди.

Шундан сўнг Кремль АҚШнинг Украинани “Россия тажовузидан” ҳимоя қилиш режасига жавоб қайтарди.

 

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 461
Рейтинг: 2.9
t
×