Дональд Трамп АҚШ ядровий дастурига оид махфий ҳужжатларни қандай сақлаган?
Олам
−
10 Июнь 2023
4838АҚШ собиқ президенти Дональд Трампга нисбатан прокурорлар айблов хулосаси эълон қилинди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Оқ уйни тарк этган собиқ президентга 37 та айблов қўйилган. 49 варақдан иборат айблов хулосасига кўра, Трамп кўпчилигида махфий ҳужжатлар бўлган ўнлаб қутиларни ўзи билан олиб кетган. Оқ уйдан чиқарилган махфий ҳужжатлар Флорида штатида жойлашган Палм-Бичдаги Мар-а-Лаго мулкида сақлаган.
Трамп махфий ҳужжатлар солинган қутиларини Мар-а-Лаго мулкидаги турли жойларда, жумладан, бал зали, ҳаммом ва душ, ҳожатхона, ёрдамчи хона, ётоқхона ва ошхонада сақлаган. АҚШ Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган фотосуратларда яширин ҳужжатлар қутиларда териб қўйилганини кўриш мумкин.
Ушбу ҳужжатларда Қўшма Штатлар ва иттифоқдошларининг мудофаа қобилияти, ядровий дастурлари, ҳарбий ҳужумга қарши эҳтимолий заифликлари, эҳтимолий ташқи ҳужумларга АҚШнинг жавоб зарбалари бўйича режалар, махфий разведка ҳақида маълумотлар ва бошқалар мавжуд бўлган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ва май ойларида ҳам Дональд Трамп суд қилинганди. Уларнинг бирида собиқ президент томонидан сайловолди кампанияси давомида порно актриса Сторми Дэниелсга пул тўлангани кўриб чиқилган бўлса, яна бирида у журналист Элизабет Жин Керролни зўрлаганликда айбланганди. Кеча, 9 июнь куни эса Дональд Трамп судга чақирилгани ва келаси ҳафта сешанба куни (13 июнда) Майами федерал судида унинг иши кўриб чиқилиши айтилди.
Иброҳимжон Ғаффоров
LiveБарчаси