Доғистонни сув босди. Қурбонлар 4 нафарга етди (видео)
Олам
−
06 Апрель 2198 2 дақиқа
Жорий йилнинг 28 март ва 4-5 апрель кунлари Доғистонда кучли ёмғир ёғди. Сув сатҳи кўтарилиши оқибатида кеча, 5 апрель куни Гежух сув омборининг тўғони бузилиб кетди ва бу 4 кишининг ҳалок бўлишига олиб келди. Бу ҳақда “Интерфакс” хабар қилди.
Қайд этилишича, ёғган кучли ёмғир уй-жойлар, йўллар, электр станцияларига ҳам зарар етказган ва тахминан 20 та туманда электр таъминотини чеклаб қўйган. Махачқалъа, Хасавюрт, Бўйноқ, Доғистон чироқлари, Каспий, Дарбанд, Қорабудахкент, Гумбетов, Бабаюрт, Новолак ва Кайтаг туманларида фавқулодда вазият режими эълон қилинган.
Шунингдек, Махачқалъада деярли 3,8 минг уй сув оқими сабаб зарар кўрган. Туманнинг Валикент қишлоғида яшовчи 5 ёшли қизни оқим олиб кетган ва унинг жасади Маҳмудқалъа қишлоғи яқинида топилган.
Сув сатҳи кўтарилиши Дарбанд туманида асосий магистралнинг бир қисмини ювиб кетган. Келтирилишича, бу ерда сув оқими сабаб 2 киши ҳалок бўлган, 5 киши қутқарилган. Қолаверса, Кайтаг тумани Кирки қишлоғида бузилган уйда яна бир одамнинг жасади топилган.
Ҳозирда ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилган. Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Гежух сув омбори бузилиши туфайли олдиндан эҳтиёт чораси сифатида Дарбанд туманидаги 4 мингдан ортиқ аҳолини эвакуация қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистон бўйлаб кучли ёмғирлар ортидан юзага келган сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 99 кишига етгани, яна 154 киши жароҳат олгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси