Доғистонда ниқоб кийиш вақтинча тақиқланди
Олам
−
03 Июль
3686Доғистон муфтияти республикада таҳдидлар бартараф этилгунига ва янги диний хулоса чиқарилгунга қадар ниқоб кийишни вақтинчалик тақиқлаганини эълон қилди. Бу ҳақда муфтиятнинг Тelegram-каналида маълум қилинди.
Қайд этилишича, кеча, 2 июль куни оммавий ахборот воситалари фатво бўлимининг хулосасини унчалик тўғри талқин этмаган.
“Муфтий Миллий сиёсат ва дин ишлари вазирлигининг республика аҳолиси учун мумкин бўлган таҳдидларнинг олдини олиш борасидаги ваколатли хулосасига таяниб, ушбу турдаги ниқобли кийим-кечак кийишни вақтинчалик тақиқлади. Шу сабабли таҳдидлар бартараф этилгунга қадар ва янги диний хулоса чиқарилгунча ниқоблардан фойдаланиш мумкин эмас”, дейилган хабарда.
Ниқоб кийишни тақиқлаш масаласи жорий йилнинг 23 июнь куни Махачқалъа ва Дарбандда қуролли одамлар томонидан отишма бошланганидан кейин юзага келган. Ўшанда жангарилар орасида амалдорнинг ўғиллари ҳам бўлган.
Доғистон раҳбари Сергей Меликов ҳам ниқоб кийишга қарши чиқиб, бу кийим Кавказ халқларига хос эмаслигини айтган.
“Шахсан мен ниқоб кийишга қаршиман. Бир неча бор терроризмга қарши кураш бўйича топшириқларни бажарган шахс сифатида шуни айтаманки, Кавказ халқлари учун одатий бўлмаган бу кийим унинг ичига эркакларнинг яширинишига ҳам имкон яратади. Хавфсизлик нуқтаи назаридан мен бундай кийимларга қаршиман”, деган Меликов.
Шунингдек, Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин ҳам Россияда ниқоб кийишни тақиқлаш таклифини қўллаб-қувватлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Доғистон муфтияти мамлакатда ниқоб кийишни тақиқловчи диний хулоса чиқаришни режалаштираётгани ҳақида хабар берилганди.