ДХХ ўзбек-қирғиз чегарасида қурол ишлатилгани бўйича баёнот берди

Жамият

image

Аввалроқ Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистон билан чегарада ушбу давлатнинг уч нафар фуқаросини ўточар қурол билан жароҳатлагани, оқибатда улар вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг Қирғизистон билан чегарадаги вазият хусусида расмий баёнот берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари хабар беришича, кеча, 5 май куни ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Оқтом қишлоғи ҳудудидан ўтган қисмида бир гуруҳ номаълум шахслар Ўзбекистондан Қирғизистонга ноқонуний равишда кўп миқдордаги товар-моддий бойликларини олиб ўтаётгани аниқланган. Ўзбек чегара нарядлари томонидан ушбу қонунбузарликни олдини олиш бўйича чоралар кўрган.

Чегара наряди томонидан Давлат чегараси бузғунчиларини қўлга олиш вақтида, қоидабузарларнинг бир гуруҳи ҳарбий хизматчиларга нисбатан қаршилик кўрсатиб, куч ишлатиб, тан жароҳатлари етказган ва қуролларни олиб қўйишга ҳаракат қилган.

Ушбу ҳолатда ҳарбий хизматчилар қонунчиликда белгиланган тартибда қурол қўллашга мажбур бўлган. Натижада, 3 нафар шахс яраланиб, уларнинг жиноий шериклари томонидан Қирғизистон ҳудудига олиб кетилган.

Ҳодиса тафсилотларини аниқлаш мақсадида, 5 май куни зудлик билан Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикасининг ҳудуд бўйича чегара вакиллари ўртасида учрашув ўтказилган. Шунингдек, 6 май куни Фарғона водийси йўналиши бўйича  ва Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти бўйича чегара вакилларининг учрашуви бўлиб ўтган.

“Ҳозирда ҳар икки томон ҳолат бўйича текширувларни давом эттирмоқда, чегарада вазият барқарор”, дейилади расмий баёнотда.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикасининг тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан бугун, 6 май куни Жиноят кодексининг 223 моддаси (“Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш”) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

659

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг