ДХХ Маданият вазирлиги ва Тошкент вилояти ҳокимлиги компаниялари млнларни “туя қилгани”ни аниқлади

3-саҳифа 18379
image

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган “Шайх Умар Вали Боғистоний” зиёратгоҳи ва Қибрай туманидаги “Қиличли ота” зиёратгоҳини таъмирлаш-тиклаш ишларида миллионлаб пуллар талон-тарож қилингани аниқланди. Бу ҳақда ДХХ Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Марказлашган инвестициялар ҳисобидан молиялаштирилувчи объектларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича буюртмачи хизмати” давлат муассасаси ҳамда “Антиқа ва сифатли қурилиш” хусусий корхонаси ўртасида 2020-2021 йилларда Бўстонлиқ туманида жойлашган “Шайх Умар Вали Боғистоний” зиёратгоҳини таъмирлаш-тиклаш ишлари бўйича 1,7 млрд сўмлик пудрат шартномаси имзоланган.

Лекин, буюртмачи хизмати давлат муассасаси ва ХК мансабдор шахслари таъмирлаш ишлари бўйича тузилган ҳисоб-фактураларга сохта маълумотлар киритиб, ҳақиқатда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали 402,7 млн сўмлик бюджет маблағларини ноқонуний ўзлаштирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167- (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209- (Мансаб сохтакорлиги) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. 

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан Тошкент вилояти Қибрай туманидаги “Қиличли ота” зиёратгоҳида қайта таъмирлаш ва тиклаш ишлари бўйича вилоят ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ва “TOSHMELIOQURILISH” МЧЖ ўртасида шартнома тузилиб, 309 млн 107 минг сўм бюджет маблағи ажратилган.

Бироқ “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ва “TOSHMELIOQURILISH” МЧЖ мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, бажарилган қурилиш ишлари бўйича тузилган ҳисоб-фактураларга сохта маълумотлар киритиб, ҳақиқатда бажарилмаган иш ҳажмларини қўшиб ёзиш орқали 263 млн 286 минг сўмлик бюджет маблағларини ноқонуний ўзлаштирган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилоят ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ва “TOSHMELIOQURILISH” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167- (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228- (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 413
Рейтинг: 3
t
×