ДХХ ходимлари хайрия акциясига қўшилди
Жамият
−
27 Март 2020
7217Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ихтиёрий равишда ўзларининг бир кунлик иш ҳақларини “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ўтказди.
Айни мураккаб вазиятда ўзбек халқига хос бўлган баҳамжиҳатлик ва саховатпешалик коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида ташкил этилган “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига келиб тушаётган беминнат маблағларда намоён бўлмоқда.
Ўз навбатида, мазкур хайрли ишга Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳам ҳиссаларини қўшиб, ихтиёрий равишда ўзларининг бир кунлик иш ҳақларини ушбу фондга беғараз ёрдам тариқасида ўтказиб беришди.
Жаҳон ҳамжамияти учун жиддий муаммога айланган CОВИД-19 пандемиясига қарши Ўзбекистонда ҳам қатъий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, республика аҳолисини ушбу хавфдан ҳимоя қилиш, уни иқтисодиёт тармоқларига бўладиган салбий таъсирини юмшатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси президентининг фармони қабул қилинган.
Шунингдек, дунёда жиддий эпидемиологик вазият юзага келиши асносида хорижий давлатларда қолаётган Ўзбекистон фуқаролари босқичма-босқич ватанимизга олиб келиниб, уларга зарур тиббий хизматлар кўрсатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар 83 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси