ДХХ катта миқдорда Лирика ва Регапен дорилари савдосига чек қўйди
Жамият
−
26 Декабрь 2019
5183Фарғонадан Андижонга катта миқдорда психотроп дори воситаларни олиб кираётган шахс қўлга олинди.
Давлат хавфсизлик хизмати Андижон вилояти бошқармаси ходимларининг вилоят божхона бошқармаси ходимларини жалб қилган ҳолда ўтказган тезкор тадбири давомида “Фарғона-Андижон” йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган Spark русумли автомашина Олтинкўл тумани ҳудудида тўхтатилди.
Андижон шаҳрида туғилган 36 ёшли аёл Ю.О. бошқарувидаги автомобиль кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида 2800 дона Лирика ва 1400 дона Регапен психотроп дори воситалари борлиги аниқланган ҳамда ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинган.
Аниқланишича, Қўқон шаҳридан олиб келинаётган ушбу дори воситалари Андижон шаҳрида сотилиши режалаштирилган.
Шунингдек, терговолди суриштирув ишлари жараёнида Ю.О.нинг Андижон шаҳридаги яшаш манзилидан сотиш мақсадида сақлаб келинаётган 616 дона Лирика дори воситаси ҳам ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатиш режалаштирилмоқда.