ДХХ қарийб 7,5 кг гиёҳванд моддани мусодара қилди

Жамият

image

ДХХ Хоразм вилояти бошқармаси ходимлари томонидан Урганч тумани Ғайбу қишлоғида ўтказилган тезкор тадбир давомида Қўшкўпир туманида яшовчи 1990 йилда туғилган Юнусбек Оллоберганов Афғонистондан келтирилган 995 грамм “героин” ва  1 кг 6 грамм “опий” гиёҳвандлик воситаларини 140 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинди. 

Шунингдек, ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса 1973 йил Ургут туманида туғилган Аброр Жабборов Самарқанд тумани Янгиариқ МФЙ ҳудудида 451 грамм “опий” гиёҳвандлик воситасини 11.250 АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланди. Аниқланишича, Жабборовга ушбу ажал оғусини тожикистонлик Иззат исмли шахс контрабанда йўли билан етказиб берган. 

Бундан ташқари, ДХХ Сирдарё вилояти бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент вилоятининг Бекобод туманида ўтказилган тезкор тадбир натижасида 1980 йил Тошкент вилоятида туғилган Олим Қосимов Бекобод тумани ҳудудида тожикистонлик шериклари томонидан юборилган 85 грамм “героин” ва 2 кг 463 грамм “гашиш” моддаларини олиб кетаётган вақтида ушланган. 

Қосимов 2019 йилнинг ноябрь ойида ҳам жазодан шартли равишда озод этилган, у хатосидан тегишли хулоса чиқармаган.

ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари ўтказган тезкор тадбирда эса “Фарғона-Тошкент” йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган Фарғона тумани Водил қишлоғида яшовчи, 1988 йилда туғилган Муроджон Сотволдиев бошқарувидаги Spark автомашинаси Данғара туманининг Чағали қишлоғи ҳудудида тўхтатилган. Автомобиль кўздан кечирилганда, унинг мотор қисмига 1 кг “гашиш” гиёҳвандлик воситаси яшириб қўйилганлиги маълум бўлган. Ушбу оғу Тошкент шаҳрида сотилиши керак бўлган.

Терговолди суриштирув жараёнида Муроджон Сотволдиев қўшни Қирғизистондан айланма йўллар орқали олиб келинган ушбу «гашиш» моддасини Фарғона тумани Юқори Водил қишлоғида яшовчи 1982 йилда туғилган Ортиқали Маллабоев ҳамда муқаддам икки маротаба судланиб, ҳозирда ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 1978 йилда туғилган Илмиддин Абдураҳмоновлардан 10 минг АҚШ долларига сотиб олганлиги маълум бўлди. Ўз навбатида мазкур шахслар ҳам ушланган. 

ДХХ Сирдарё вилояти бошқармаси ходимлари ўтказган тезкор тадбирлар давомида 1981 йил Бекобод шаҳрида туғилган Аброр Имомов тожикистонлик шахслар билан ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда, ушбу давлатдан контрабанда йўли орқали Тошкент вилояти ҳудудига ўтказилган 973 грамм “гашиш” гиёҳванд моддасини Тошкент шаҳрига олиб кетаётганда ушланди. 

Шунингдек, Бекобод туманида яшовчи 1992 йилда туғилган Жаҳоншоҳ Усмонов ҳам Тожикистондан келтирилган 500 грамм “гашиш” моддасини Бўка туманида яшовчи 1964 йилда туғилган, муқаддам судланган Пардабой Алиевга етказиб берган вақтида қўлга олинди.

Жаҳоншоҳ Усмонов бундай қабиҳ ишни муқаддам шу каби жиноят содир этгани учун ҳозирда жазо муддатини ўтаётган акаси, 1983 йилда туғилган Хайрулло Усмоновнинг кўрсатмасига асосан қилганлиги маълум бўлди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 1 кг 80 грамм “героин”, 1 кг 457 грамм “опий” ва 4 кг 936 грамм “гашиш2 гиёҳванд моддалари мусодара қилинган.

Ҳозирда аниқланган барча ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари доирасида ушбу ишларга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

ДХХ

Баҳолаганлар

43

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг