ДХХ 715 млн сўмлик ноқонуний дори айланмасига чек қўйди
3-саҳифа
−
13 Сентябрь 2020
5086Тошкент ва Сирдарё вилоятларида умумий қиймати 700 млн сўмдан ортиқ бўлган ноқонуний дори айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг Давлат божхона қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Бекобод тумани ҳудудида ўтказган тезкор тадбири давомида маҳаллий фуқаро Ғофуров бошқарувидаги Nexia русумли автомашина тўхтатилиб, текширилди. Натижада, унинг салон қисмида 640 млн. сўмлик 4000 дона “Меропенем” дори воситаси борлиги маълум бўлган.
Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида аниқланишича, Тожикистонлик Шухрат исмли шахсга тегишли бўлган мазкур дори воситалари айланма йўллар орқали мамлакатимизга олиб ўтилган бўлиб, Ғофуров уларни келгусида сотиш учун Шухратнинг Тошкент шаҳридаги танишларига етказиб бериши керак бўлган.
Шунингдек, шу каби қонун бузилиш ҳолати Сирдарё вилоятида ҳам аниқланган. Хусусан, маҳаллий фуқаролар Мамаев ҳамда Қўчқоров давлат чегарасининг Сирдарё тумани “Оқ йўл” МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисмидан Қозоғистон Республикасига тиббий буюмлар ва дори воситаларини яширин равишда ўтказишга уринган вақтларида ДХХ Сирдарё вилояти бошқармаси ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ушланган. Улардан қарийб 75 млн. сўмлик “Тивортин”, “Дексаметозон” дори препаратлари ва бошқа тиббий воситалар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича дастлабки терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.